Маҳаллий

Санъат, мулоқот ва янги ғоялар учун макон

Тошкентда Замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) очилди. Марказ 1912 йилда қурилган собиқ дизель электр станцияси биносида жойлашган бўлиб, у кўргазма майдонлари, кутубхона, концепт-стор, ресторан, таълим майдончалари ва жамоатчилик жойларини бирлаштирган янги маданий муассаса сифатида лойиҳалаштирилган. Бу рассомлар, ижодий соҳа вакиллари, кураторлар, архитекторлар ва кенг аудиториянинг учрашув жойи бўлиб, мулоқот ҳамда янги бадиий ташаббуслар учун очиқдир. Марказнинг ўзига хослиги […]

Санъат, мулоқот ва янги ғоялар макони

Тошкентда Замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) ўз фаолиятини бошлади. У 1912 йилда қурилган собиқ дизель электростанцияси биносида жойлашган бўлиб, кўргазма майдонлари, кутубхона, концепт-стор, ресторан, таълим майдончалари ва жамоатчилик зоналарини бирлаштирган янги маданий институция сифатида лойиҳалаштирилган. Бу ер рассомлар, ижодий индустрия вакиллари, кураторлар, архитекторлар ва кенг жамоатчилик учрашадиган, мулоқот ва янги бадиий ташаббуслар учун очиқ бўлган макондир.

Марказнинг ўзига хослиги шундаки, унинг яратувчилари тарихий бинони сақлаб қолган ҳолда, унга замонавий маданий функцияларни сингдиришга қарор қилишди. Майдоннинг танланиши, жумладан, ушбу ҳудуднинг тарихи билан ҳам боғлиқ эди. Бу ерда қадимдан гавжум жамоатчилик ҳаёти мавжуд бўлган ва лойиҳа муаллифлари учун ушбу «жўшқинликни» ижодий эксперимент маконига кўчирган ҳолда сақлаб қолиш муҳим эди.

Архитекторлар бинога лойиҳанинг мустақил иштирокчиси сифатида ёндашишди. Уларнинг сўзларига кўра, илк танишувда бино анча мураккаб ҳолатда эди: қоронғи, қаровсиз бўлиб, ичкаридан дизель ҳиди анқиб турарди. Бироқ ташқи қаровсизлик ортида кучли архитектуравий характер сезилиб турарди. Ташландиқ электростанция монументал макон таассуротини уйғотарди, шу боис асосий вазифа — унинг ўзига хослигини бузмасдан, архитектурасини максимал даражада сақлаб қолиш ва уни янги вазифаларга мослаштиришдан иборат бўлди.

Бинонинг архитектуравий трансформацияси билан шуғулланган Studio KO архитектура бюроси мутахассислари унинг хусусиятларини қанчалик чуқур ўрганган сари, шунчалик кўп ғоялар пайдо бўлаверди. Лойиҳалаш ва турли функцияларни жойлаштириш кўп жиҳатдан аллақачон мавжуд бўлган тузилишдан келиб чиқиб белгиланди. Айтиш мумкинки, собиқ электростанциянинг ўзи ечимларни кўрсатиб турарди, фақат уни тинглай билиш керак эди. Айнан мана шундай ёндашув тарихни замонавий мазмун билан бирлаштириш имконини берди.

Натижада қисман музейни, қисман кўргазма майдончасини эслатувчи макон вужудга келди. Аммо умуман олганда, Марказ концепцияси анча кенг фаолият доирасини назарда тутади. Бу ерда кўргазмалар, учрашувлар, мунозаралар ва рассомларнинг томошабинлар билан ўзаро алоқасига хизмат қилувчи бошқа лойиҳалар бўлиб ўтади.

«Марказ рассомлар ишлаши, ўз лойиҳаларини намойиш этиши ва аудитория билан мулоқот қилиши мумкин бўлган маконга айланиши керак. Шу билан бирга, дастур фақат кўргазма фаолияти билан чекланиб қолмаслиги лозим. Биз бу ернинг рассомлар, томошабинлар ва бутун профессионал ҳамжамият билан биргаликда доимий равишда ривожланиб борувчи жонли макон бўлишини хоҳлаймиз», — деб таъкидлади CCA Tashkent бош куратори доктор Сара Раза.

Жамоатчиликка нафақат тайёр асарни тақдим этиш, балки ижод, эксперимент ва профессионал мулоқот учун шароит яратиш ҳам муҳимдир, бу эса ушбу макон диққат марказида ижодкор инсоннинг ўзи ва унинг амалиёти тургандагина мумкин бўлади.

Лойиҳанинг яна бир вазифаси — замонавий санъатни мамлакат ичида янада кўринарли қилиш ва маҳаллий рассомларнинг халқаро профессионал ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиши учун имкониятлар яратишдан иборат.

Замонавий санъат маркази ўз фаолиятини Hikmah кўргазмаси билан очди. Кўргазма номи арабча «ҳикмат» сўзидан олинган бўлиб, замонавий рассомларнинг асарларини бирлаштиради. Муҳаннад Шоно, Нари Уорд, Шоҳрух Раҳимов, Тарик Кисвансон, Кимсужа, Али Шерри, Надя Кааби-Линке, Владимир Пан, Дарибай ва Бахтиёр Саиповлар ўз ишларида маҳаллий анъаналар, маънавий мерос ва замонавий бадиий амалиётлар ўртасидаги боғлиқликни тадқиқ этадилар ва ўз қарашларини томошабинлар билан баҳам кўрадилар. Бадиий асарлардан ташқари, Сабина Иноятованинг товушли инсталляцияси ҳам тақдим этилган.

«Hikmah кўргазмаси анъана, моддий маданият ва замонавий бадиий амалиётларнинг янги туташув нуқталарини тадқиқ этишга бағишланган. Турли мамлакатлардан келган рассомларни бирлаштирган ҳолда, у ҳикматни маданият, хотира ва санъатни узлуксиз англаш жараёни сифатида янгича талқин қилишни таклиф этади», — деб таъкидлади CCA Tashkent бош куратори доктор Сара Раза.

Хулоса қилиб айтганда, CCA Tashkent фаолияти Ўзбекистон рассомларини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллий аудиторияни бутун дунёдаги етакчи замонавий рассомлар ижоди билан таништиришга қаратилган. Шу билан бирга, у ўзбек рассомларини халқаро майдонда тарғиб қилишга хизмат қилиб, ҳамкорлик, тадқиқот фаолияти ва халқаро бадиий лойиҳаларда иштирок этиш учун янги имкониятлар очади.

Тошкент учун эса бу санъат, архитектура, жамоатчилик ҳаёти ва халқаро маданий мулоқот кесишадиган замонавий маданиятнинг янги тортишиш маркази пайдо бўлганини англатади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.