Тошкентда Замонавий санъат маркази очилмоқда (фото)

**Тошкентда Замонавий санъат маркази очилмоқда (фото)**
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда бунёд этилган Замонавий санъат маркази Марказий Осиёда бу миқёсдаги илк доимий маданий макон сифатида фаолиятини бошламоқда. Ушбу мажмуа оддий навбатдаги кўргазма зали эмас, балки ХХ аср бошларига оид тарихий саноат обьектини замонавий ҳаётга олиб кирган йирик маданий ва маърифий маскандир.
Марказ жойлашган бино 1912-йилда таниқли меъмор Вилгелм Гейнселман лойиҳаси асосида қурилган. Аввалига шаҳар трамвайлари депоси бўлиб хизмат қилган бу иншоот кейинчалик дизел электр стансиясига айлантирилган. Бир асрдан ортиқ вақт давомида пойтахт тараққиётининг кўплаб муҳим босқичларига гувоҳ бўлган ушбу обьект узоқ йиллар ташландиқ ҳолатда қолиб кетган эди.
Бугун Ўзбекистоннинг тарихий меросга муносабатида мутлақо янги тамойил устувор — “вайрон қилиш эмас, асраш ва жонлантириш”. Эски саноат обьектларини бузиб ташлаб, ўрнига бир хил кўринишдаги замонавий бинолар қуриш ўрнига, тарихни сақлаган ҳолда унга янги мазмун бериш йўли танланди. Натижада юз йиллик иншоот ўзининг меъморий қиёфаси ва саноатга хос характерини сақлаган ҳолда, бутунлай янги авлод маданий маконига айланди.
Бинони қайта тиклаш ва уни халқаро даражадаги маданий марказга айлантириш бўйича меъморий консепсия Франсиянинг нуфузли Студио КО бюроси томонидан ишлаб чиқилди. Лойиҳа муаллифлари жуда нозик ва мураккаб мувозанатни топа олди:
**Тарихий қисм:** қадимий ғишт деворлар, ўзига хос архитектура шакллари ва ўтган аср руҳини сақлаб қолган фазовий муҳит.
**Замонавий қисм:** илғор технологиялар билан жиҳозланган кўргазма заллари, таълим майдонлари, тадқиқот маркази, кутубхона ва жамоатчилик учун очиқ қулай зоналар.
Бир вақтлар шаҳар учун механик энергия ишлаб чиқарган бу масканда энди ижод, янги ғоялар, илм-фан ва инсонлар мулоқотининг маънавий энергияси пайдо бўлади.
Янги марказда ташриф буюрувчилар бир кунни мазмунли ва фойдали ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда шунчаки санъат асарларини томоша қилиб кетиш эмас, балки: жаҳон ва ўзбек замонавий санъатининг энг сара намуналари билан танишиш; илмий изланишлар олиб бориш ва махсус кутубхона имкониятларидан фойдаланиш; маърузалар, семинарлар ва кино намойишларида қатнашиш; ҳамфикрлар билан учрашиб, эркин мулоқот қилиш мумкин.
Замонавий санъат маркази ўзининг бетакрор муҳити туфайли қисқа вақт ичида Тошкентнинг энг жозибали маданий манзилларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бинонинг ўзи марказнинг энг асосий ва қимматли “экспонати” вазифасини бажаради. Бундай йирик лойиҳалар нафақат пойтахт қиёфасини, балки шаҳар аҳолисининг маданий муҳитга ва тарихий меросга муносабатини ҳам тубдан ўзгартириб, келажак авлод учун илҳом манбайи бўлиб хизмат қилади.

