Самолётлар етишмовчилиги: Россия Ветнамдан ёрдам сўради
Россия Ветнам авиакомпанияларининг самолётларини экипажи ва техник хизмат кўрсатиши билан бирга ижарага олишни таклиф қилди. Москва бу орқали икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Самолётлар танқислиги: Россия Ветнамдан ёрдам сўради
Россия Ветнамга маҳаллий авиакомпаниялар самолётларини Россия ташувчиларига “ҳўл” лизинг асосида бериш таклифини йўллади.
Бу ҳақда Россия транспорт вазири Андрей Никитин 9-сентабр куни Москвада бўлиб ўтган Россия–Ветнам музокараларидан сўнг маълум қилди.
“Ҳўл” лизингда самолёт фақат ижарага берилмайди, балки унинг экипажи, техник хизмат кўрсатиш ва бошқа операцион хизматлар ҳам ижара берувчи томон зиммасида қолади.
Никитиннинг айтишича, Россия томони тегишли таклифларни Ветнамга тақдим этган ва улар ҳозир кўриб чиқилмоқда.
Россия транспорт вазири икки давлат ўртасидаги сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Унинг маълумотига кўра, 2026-йилда Россия ва Ветнам ўртасидаги авиақатновлар кўрсаткичи 2025-йилга нисбатан қарийб уч баравар кўпайган.
Москва Ветнам авиакомпанияларидан самолётларни “ҳўл” лизингга олиш икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини янада ошириш имконини беради, деб ҳисобламоқда.
Россия бундан аввал ҳам хорижий самолётларни шу тартибда ижарага олиш масаласида бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борган. Улар орасида Марказий Осиё мамлакатлари, Қатар, Кувайт ва Эфиопия бор.
2025-йил ёзида Эфиопия Россиянинг таклифини рад этган эди. Мамлакат расмийлари Этҳиопиан Аирлинес самолётларини ижарага бериш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини билдирган. Шунингдек, АҚШнинг эҳтимолий иккиламчи санксиялари билан боғлиқ хавфлар ҳам қайд этилган.
Ҳозирча Россия авиакомпанияларининг хорижий ташувчилар билан “ҳўл” лизинг бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилмаган.
Россия авиакомпанияларининг қўшимча самолётларга эҳтиёжи Боеинг ва Аирбус лайнерларини харид қилиш ҳамда таъмирлашдаги қийинчиликлар фонида ортиб бормоқда. Бу икки ишлаб чиқарувчининг самолётлари Россия фуқаролик авиация паркининг қарийб учдан икки қисмини ташкил этади ва йўловчи ташишларнинг 90 фоизига хизмат қилади.
“Коммерсант” ҳисоб-китобига кўра, ёзда Россиянинг 11 та йирик авиакомпаниясидаги 673 та самолётдан 130 таси парвозларни амалга оширмаган. Бу паркнинг қарийб бешдан бир қисмига тенг.
2025-йил апрелида Россия президенти Владимир Путин маҳаллий авиакомпанияларга хорижий самолётларни “ҳўл” лизинг асосида ижарага олишга рухсат берган эди.

