Украина Россия осмонини ёпмоқчими?
Россияда парвозлар хавфсизлиги масаласи тобора жиддийлашмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский РФ осмонида дронлар кескин кўпайишини маълум қилиб, авиакомпанияларни хавфдан огоҳлантирди. Айни пайтда Москва Украина энергетикаси ва ҳарбий саноатига зарбаларни кучайтираётган бўлса, Киев Россиянинг ички ҳудудлари, хусусан, аеропортлари ва ҳаво логистикасига босимни оширмоқда.

**Украина Россия осмонини ёпмоқчими?**
Россияда парвозлар хавфсизлиги масаласи тобора жиддий тус олмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский РФ осмонида дронлар кескин кўпайганини маълум қилиб, авиакомпанияларни хавфдан огоҳлантирди. Шу билан бирга, Москва Украина энергетикаси ва ҳарбий саноатига зарбаларни кучайтираётган бир пайтда, Киев Россиянинг ички ҳудудлари, хусусан, аеропортлари ва ҳаво логистикасига босимни оширмоқда.
- Сўнгги ҳафта давомида Россия-Украина уруши билан боғлиқ қандай муҳим воқеалар юз берди?
**Абдували Сойибназаров:** Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳозир деярли барча йўналишларда — ҳавода, қуруқликда ва денгизда давом этмоқда. Ҳар икки томон бир-бирига зарба бериш орқали ўз ҳарбий ва сиёсий мақсадларига эришишга уринмоқда. Россия ҳудудларни эгаллашни мақсад қилган бўлса, Украина Москвага ҳарбий ва иқтисодий босим ўтказиб, уни музокаралар столига ўтиришга мажбурламоқчи.
Украинанинг Россия ҳудудидаги аеропортлар ва ҳаво инфратузилмасига қарши ҳужумлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу кампаниянинг асосий мақсадларидан бири — Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланишни хавфли ва қимматга айлантириш, мамлакатнинг ҳаво логистикасига босим ўтказишдир.
Айни пайтда Россия ҳам Украина ҳудудига кенг кўламли ҳаво зарбаларини давом эттирмоқда. Россия авиацияси ва бошқа зарба воситалари нафақат фронт чизиғидаги, балки фронт ортидаги аҳоли пунктлари, энергетика обьектлари ва ҳарбий саноат корхоналарини ҳам нишонга олмоқда. Россия самолётлари кўпинча Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари таъсир доирасига кирмаслик учун Россия ҳаво ҳудудидан туриб бошқариладиган авиабомбалар ва бошқа узоқ масофали зарба воситаларидан фойдаланмоқда.
Россиянинг зарбалари Украина энергетика инфратузилмаси ҳамда ҳарбий саноатига қаратилган. Жумладан, дронлар ва ракеталар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам нишонга олинмоқда. Бундай ҳужумлардан кўзланган мақсад — Украинанинг ҳарбий салоҳиятини ва фронтдаги имкониятларини заифлаштиришдир.
Украинанинг Россия аеропортлари ва ҳаво ҳудудига таҳдид солаётган дрон ҳужумлари эса яна бир мақсадга ҳам хизмат қилиши мумкин. Россия ҳаво ҳудудидан учиб ўтувчи самолётлар бунинг учун Россияга тегишли тўловларни амалга оширади. Агар хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар кучайса, айрим авиакомпаниялар Россия ҳудудини четлаб ўтишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса Россиянинг даромадларига салбий таъсир кўрсатади.

