Самарқанддаги саммит доирасида «ИМКОН» марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи ушбу марказда мактабгача таълим, коррексион-педагогик ёрдам ва

Самарқандда саммит доирасида «ИМКОН» марказининг очилиш маросими ўтказилди
«Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халқаро саммити доирасида Самарқандда «ИМКОН» марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, шунингдек, саммитда қатнашаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи мазкур марказда мактабгача таълим, коррексион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация бирлаштирилади. Ҳар бир бола учун дастур унинг индивидуал эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилади. Ота-оналар фарзанди эгаллаган кўникмаларни уй шароитида мустаҳкамлаш учун мутахассислардан тавсиялар олишлари мумкин.
Мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳни қамраб олади. Амбулатор бўлимда эса 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган ойига қарийб 100 нафар бола реабилитация курсларидан ўтиши мумкин.
Марказда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ҳамда бошқа муолажалар амалга оширилади. Бу ерда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог педагоглар, логопедлар, психологлар, реабилитация мутахассислари ва бошқа ходимлар фаолият юритади.
Самарқанддаги марказ Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшондаги муассасаларни ҳам ўз ичига олган «ИМКОН» тармоғининг янги бўғинига айланди. 2025 йилда тармоқ муассасаларида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилиб, 3 777 нафар бола амбулатор реабилитациядан ўтган.
Тармоқни кенгайтириш ишлари давом этмоқда: Фарғонада марказ қурилиши бошланган, Наманганда ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам шундай муассасалар барпо этиш режалаштирилмоқда.

