Самарқанддаги Жаҳон саммити: Ислоҳотлар, болалик дунёси ва келажак инвестицияси
Саммит доирасида ташкил этилган махсус кўргазма Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳиятини инсон тақдирлари мисолида очиб берувчи

**Самарқанддаги Жаҳон саммити: ислоҳотлар, болалик олами ва келажакка сармоя**
Хабарингиз бор, айни кунларда қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл» мавзусидаги Жаҳон саммитига мезбонлик қилмоқда. Саммит доирасида ташкил этилган махсус кўргазма Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳиятини инсон тақдирлари мисолида очиб берувчи жонли майдонга айланди.
Кўргазманинг бош ғояси — «Дунё бола нигоҳида» консепсиясига таянган. Бу ерда қатнашаётган сиёсатчилар, шифокорлар ва халқаро экспертлар давлат ислоҳотлари ортида турган боланинг ҳаётий тажрибасини, унинг ўзини хавфсиз ҳис этиши, оила бағрида бўлиши, сифатли таълим олиши ва келажагини эркин танлаш имкониятларини яққол кўришлари мумкин.
Кўргазма орқали бола фаровонлиги давлат ва жамиятнинг узлуксиз масъулияти сифатида намойиш этилмоқда. Яъни, бу бўлажак онага ғамхўрлик қилишдан бошлаб, то хавфсиз туғруқ, таълим олиш ва мустақил ҳаётга қадам қўйишгача бўлган занжирли тизимни қамраб олади.
Саммитнинг очилиш қисмида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болалик дунёси ва уларни ҳимоя қилишнинг асл мазмуни ҳақида жуда муҳим фикрни таъкидлади:
Кўргазма экспозицияси ислоҳотларнинг моҳиятини очиб берувчи бир нечта муҳим занжирлардан иборат. Шулардан бири «Ҳаёт бошланадиган 1000 кун» лойиҳаси.
Экзпозиция қўллаб-қувватлаш тизими ҳомиладорликдан олдин, аёлнинг репродуктив саломатлигини асрашдан бошланишини кўрсатади. Шифохонагача ва туғруқдан кейинги узлуксиз тиббий кузатув, тўғри овқатланиш, хавфларни эрта аниқлаш ва муддатидан олдин туғилган чақалоқларни парваришлаш — бу келажак соғлом авлоди учун энг узоқ муддатли ва самарали инвестициядир.
Маълумот учун: Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Самарқандда саммитда журналистларга интервю бериш асносида соҳа учун давлат томонидан қанча маблағ ажратилаётганини очиқлади. Унинг айтишича, тиббиётга 50 trln.soъм ажратилади, шунингдек, вазир болалар учун йўлга қўйилган тиббий лойиҳаларга ҳам тўхталди.
Оила болага ғамхўрлик қилишда ёлғизланиб қолмаслиги керак. Кўргазмада ногиронлиги бўлган ёки оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар учун манзилли нафақалар, «Имкон» марказларидаги реабилитация ва «Она уйи» ресурс марказлари орқали боланинг оиладан ажраб қолишининг олдини олиш механизмлари кўрсатиб берилган. Бош мақсад боланинг етимхонада эмас, оила муҳитида улғайишидир.
Маҳалла даражасидаги кўмак ва «Инсон» марказларининг ёрдами болаларга ўз яшаш жойида, яъни маҳалланинг ўзида етиб бориши шарт. Бугун тизим муаммо пайдо бўлгандан кейин эмас, балки у инқирозга айланмасдан олдин ижтимоий ходимлар ва рақамли Ижтимоий реестр орқали хонадонларга кириб бормоқда.
БМТ вакиллари ҳам бу борада миллий буджетларни шакллантиришда болалар манфаатлари устувор бўлиши кераклигини қайд этишмоқда. Анжуманда сўзга чиққан БМТ Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад давлатлар ва ота-оналар олдидаги глобал масъулият ҳақида шундай деди:
“Болалар фаровонлигини миллий буджетларнинг устувор йўналишига айлантириш ва мамлакатларда бундай инвестициялар учун буджет макони яратилишини таъминлайдиган “БРМни рағбатлантириш“ (СДГ стимулус) ғоясини илгари суриш лозим. Биз болаларнинг ўзларига ҳам қулоқ солишимиз шарт. Агар бола ўқисаю оч бўлса ёки мактабга келишдан жуда қўрқса, мактаб, шарт-шароит ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳеч бир ота-она ўз фарзандини даволатиш ва уларнинг асосий эҳтиёжларини қондириш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмаслиги керак”.
Кўргазмада болалар саратонига қарши кураш, дори таъминоти ва юқори технологик тиббий ёрдамни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида комплекс ёндашув тақдим этилган. Шунингдек, зўравонликдан ҳимоя қилиш ва инклюзив таълим орқали ҳар бир болага ўз иқтидорини намойиш этиш учун тенг имконият бериш — давлат сиёсатининг бош мезони сифатида эътироф этилди.
Айнан шу масаланинг тиббий ва халқаро кўлами ҳақида тўхталар экан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси тиббиёт мутахассиси Виталий Семёнов болалар соғлиғини асраш борасидаги кечиктириб бўлмас вазифаларни очиб берди:
Болалик бу бугунги кун ва айнан шу сабабли бу ғоя жуда долзарбдир. Марказий Осиё республикаларида туғилиш кўрсаткичлари юқорилиги сабабли, яқин келажакда, хусусан 2030 ва 2050 йилларга бориб, саратон ташхиси қўйиладиган болаларнинг умумий сони ва ўлим ҳолатлари мутлақ сонларда ортиши мумкин. Шу боис биз жуда муҳим босқичда турибмиз ва барчамиз бирлашиб вазиятни ижобий томонга ўзгартиришимиз керак. Катталардан фарқли равишда, болалар саратонининг олдини олиш ҳар доим ҳам мумкин эмас, шунинг учун энг асосий вазифа — ташхисни имкон қадар тез ва аниқ қўйиш ҳамда сифатли даволашни кечиктирмасдан бошлашдир.
Саммитнинг иккинчи куни доирасида болалар фаровонлигига инвестициялар бўйича муҳим тарихий ҳужжат Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Зеро, кўргазманинг ҳам, бутун дунёдан йиғилган экспертлар анжуманининг ҳам олий мақсади битта: давлат сиёсатининг самарадорлигини қуруқ ҳисоботлар кўлами билан эмас, балки ҳар бир боланинг ҳаётида яратилган амалий имкониятлар ва уларнинг юзидаги табассум, оилаларнинг хотиржамлиги билан баҳолашдир.
Самарқанддаги Жаҳон саммити ўз ишини давом эттирмоқда.

