Ўзбекистонда Туркия тажрибаси асосида болалар реабилитация маркази ташкил этилади

Ўзбекистонда Туркия тажрибаси асосида болалар реабилитация маркази йўлга қўйилади
Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Туркиянинг Аврупа Çосук болалар реабилитация маркази вакиллари ўртасидаги учрашувда Ўзбекистонда болаларни комплекс реабилитация қилишнинг турк модели асосида муассаса ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Агентлик вакиллари 2010-йилдан бери ногиронлиги бўлган ва ривожланишида турли ўзига хосликларга эга болаларга хизмат кўрсатиб келаётган Аврупа Çосук маркази фаолияти билан танишди. Тахминан 3 минг квадрат метр майдонга эга ушбу марказ ойига 1,4 минг нафаргача болага хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, Истанбулда унинг 13 та филиали фаолият юритади.
Марказ аутизм спектри бузилишлари, ҳаракат функсиялари, майда моторика, нутқ ва когнитив ривожланишда қийинчиликлари бор болалар билан ишлайди. Туркия моделига кўра, дастлабки текширувдан кейин боланинг эҳтиёжлари аниқланади ва индивидуал реабилитация ҳамда таълим дастури ишлаб чиқилади. Жараёнга физиотерапевт, логопед, психолог ва педагоглар жалб этилиб, боланинг ривожланиш динамикаси мунтазам баҳолаб борилади.
Томонлар, шунингдек, ота-оналарни реабилитация жараёнига жалб этиш ва болаларнинг янги муҳитга мослашуви масалаларини ҳам муҳокама қилди. Ташриф якунида Туркия тажрибаси Ўзбекистонда болалар реабилитацияси тизимини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Келажакдаги лойиҳанинг аниқ параметрлари кейинги ҳамкорлик доирасида аниқланиши кўзда тутилган.

