Самарқандда тириклайин кўмиб юборилган эркак 28 кун комада ётиб, вафот этди
Паяриқ туманида бир гуруҳ шахслар эркакнинг йўлини тўсиб, бошига арматура билан урган ва уни машинада олиб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.

Самарқандда тириклайин кўмиб юборилган эркак 28 кун комада ётиб, ҳаётдан кўз юмди
Самарқанд вилояти Паяриқ туманида бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиб, тириклайин кўмиб юборилган 32 ёшли эркак қарийб бир ой комада ётгач, вафот этди.
Маълум қилинишича, Наврўз маҳалласида яшаган 32 ёшли йигит таниши билан ошхонадан чиқиб, уйига қайтаётганида уларнинг йўлини оқ рангли Спарк тўсиб қолган. Машинадан тушган шахслар унга ташланиб, бошига арматура билан ура бошлаган.
Воқеа гувоҳининг айтишича, у ўртоғини ҳимоя қилишга ва ҳужум қилганларнинг қўлидаги арматурани тортиб олишга уринган. Шу пайт қолганлар унга ҳам ёпирилган ва тошлар билан ура бошлаган.
“Соат кечки 11–12 атрофи эди. Шербек билан ошхонадан чиқиб келаётган эдик. Йўлда уйимиз томонга бурилганимизда оқ Спарк йўлимизни тўсиб тўхтади. Машинадан қўлларида арматура билан тушиб, гуруҳ бўлиб Шербекнинг бошига ура кетишди. Буни кўриб, машинадан югуриб тушдим-да, уларнинг қўлидаги арматурани олишга ҳаракат қилдим. Шу пайт улар мени ҳам ура кетди. Катта-катта тошлар билан ура бошлашди. Қараганимда, Шербек асфалт устида, футболкасиз, қонга беланиб ётган эди. Уни тепиб уришаётган эди. Симтўрдан сакраб ўтганимда, Шербекни машинага мажбурлаб тиқишаётган эди”, дейди воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг дўсти.
Марҳумнинг акасига кўра, жабрланувчини маҳалла марказидан тахминан уч километр узоқликдаги, аҳоли яшамайдиган ҳудудга олиб кетишган. У ўша ердан оғир аҳволда топилган.
“Биринчи кўрганимда укамни ўлиб қолган деб ўйладим. Атрофида қонли қусуқ, бетон бўлаклари ва сим бор эди. Бўғилгани кўриниб турарди, бўйнидан юқори қисми кўкариб кетган эди. Ўпкасидан қандайдир овоз эшитганимдан кейин умидим уйғонди. Кейин уни машинага ортиб, олиб кетдим”, дейди марҳумнинг акаси.
Унинг сўзларига кўра, укасининг бошига кўп марта зарба берилган, пешанаси ва бошининг ён қисмлари шишиб кетган. Шифохонада Шербекнинг ўпкасидан уч литрдан зиёд қон олинган.
“Уриб, шунчаки тан жароҳати етказиб ташлаб кетишмаган. Катта йўл ёқасида қолдиришганида кимдир унга ёрдам бериши мумкин эди. Овлоқ жойга олиб бориб кўмишган. Кўмилганида ҳаво етмай, ўрнидан турган. Шунда яна сим билан бўғиб, бошига арматура ва бетон билан уришган”, дейди акаси.
Марҳумнинг турмуш ўртоғининг таъкидлашича, эри таниб бўлмас даражада жароҳатланган ва 28 кун комада ётган.
Жанжалга нима сабаб бўлгани ҳозирча очиқланмаган. Марҳумнинг акаси ҳужум қилганларнинг барчасини ҳам яхши танимаслигини, улар билан оиласи ўртасида адоват бўлмаганини билдирган. Бироқ воқеадан икки кун олдин укаси улар билан жанжаллашиб, ёқалашганини кўрганлар борлигини айтган.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ҳамидулла Сагдуллаевнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жабрланувчи вафот этгач, иш ушбу модданинг 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.
Айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Улар жабрланувчини мажбуран машинага ўтқазиб, Боботоғ ҳудудига олиб борган ва яна калтаклагач, шифохона олдига ташлаб кетган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.

