Самарқандда болаларга ноқонуний диний таълим берган собиқ имом-хатиб 3,5 йилга қамалди

Самарқандда болаларга ноқонуний диний таълим берган собиқ имом-хатиб 3,5 йилга қамалди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида собиқ имом-хатиб вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим бергани ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилгани учун суд олдида жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг ҳукмига кўра, 42 ёшли эркакка 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тергов маълумотларига кўра, судланувчи 2026-йил май ойининг охиридан 23-июнгача Ургут туманидаги хонадонлардан бирида беш нафар вояга етмаган болага диний сабоқ берган. Тергов ҳужжатларида бунинг эвазига ҳар бир боладан ойига 100 доллардан ҳақ олишга келишилгани қайд этилган. 23-июн куни Давлат хавфсизлик хизматининг Ургут туман бўлими ва туман ИИБ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда у диний адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Хонадон кўздан кечирилганда пластик қутидан алоҳида қадоқланган, жами оғирлиги 3,75 грамм опий ва 5,66 грамм марихуана топилган. Тергов ҳужжатларида судланувчи беш нафар вояга етмаган болага диний сабоқ бериш жараёнида гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб келгани ҳам қайд этилган.
Суд мажлисида собиқ имом-хатиб 2020-йилдан буён гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб келганини тан олган. У айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган.
Судланувчига Жиноят кодексининг 229²-моддаси иккинчи қисми билан икки йил муддатга Мусулмонлар идораси тизимида раҳбарлик ва масъул лавозимларни эгаллаш ҳамда диний таълим бериш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 276-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан эса уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Жазолар Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддаларига асосан қисман қўшилиб, якунда 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо манзил-колонияда ўталади. Шунингдек, суд ҳукми билан унга жазони ижро этиш муассасасида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чораси ҳам қўлланилган.
Ноқонуний диний таълим олган вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан ҳам амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилган.

