Маҳаллий

Фарғонада 39 ёшли аёл уйида қирқдан ортиқ қизга ноқонуний диний сабоқ бергани аниқланди

Фарғонада 39 ёшли аёл ўз уйида қирқдан ортиқ қизга рухсациз диний таълим бергани аниқланди.

Фарғона вилояти Бағдод туманида истиқомат қилувчи аёл ўз хонадонида махфий ҳужра ташкил этиб, 41 нафар вояга етмаган қизга ноқонуний равишда диний сабоқ бериб келганлиги фош этилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир натижасида, 1987-йилда туғилган, Бағдод туманининг Нурафшон маҳалласида яшовчи аёлнинг уйида ҳужра фаолият юритаётгани маълум бўлди.

Жами 41 нафар вояга етмаган қизга диний таълим берилганлиги аниқланди. Уларнинг барчаси шу ерда яшаб, сабоқ олган.

Қайд этилишича, қизлар Қўқон шаҳри, Учкўприк, Ёзёвон, Бувайда ва Бағдод туманларида яшовчи фуқароларнинг фарзандлари бўлган. Ҳар бир бола учун ота-оналар ойига 600 минг сўмдан тўлов қилган.

Ҳужрада диний таълим олаётганлар орасида 5–6 ёшли, ҳали мактабга бормаган қизлар ҳам борлиги аниқланди.

Шунингдек, қизларга диний сабоқ берган аёл олий таълим муассасасида ўқимагани ва тегишли дипломга эга эмаслиги таъкидланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳужра ташкил этган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, ҳужрада диний таълим олган 41 нафар вояга етмаган қизнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 3-қисми асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Июн ойида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб келган эр-хотин қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Улар ушбу фаолияти учун ҳар бир боланинг ота-онасидан 100-200 АҚШ доллари миқдорида пул олган ва ётоқ шароитида турли диний адабиётлардан сабоқ берган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.