Маҳаллий

Самарқанд Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирган мулоқот майдонига айланди

Самарқандда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг ўрнига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Халқаро демократия кунига бағишланган тадбирда 16 мамлакатдан 200 нафарга яқин эксперт иштирок этди.

Самарқанд Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирган мулоқот майдонига айланди

15-сентабр — Халқаро демократия куни муносабати билан 2026-йил 17-сентабр куни Самарқанд шаҳрида “Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси” мавзусида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми ташкил этилди.

Тадбир Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан БМТ ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Юксалиш” ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзННТМА ҳамда Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Форум АҚШ, Канада, Белгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Испания, Франсия, Швеция, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидаги ақл марказларидан келган халқаро экспертлар, шунингдек, мамлакатимиздаги жамоат тузилмалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва ОАВ вакилларидан иборат 200 нафарга яқин мутахассисни бир жойга жамлади.

Ҳар йили Халқаро демократия куни доирасида демократиянинг замонавий ривожланиш тенденсиялари ва долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. 2026-йилда мазкур сана “Инсон ҳуқуқларини диққат марказига олиб чиқиш” мавзуси остида ўтказилмоқда.

Форумнинг айнан Самарқанд шаҳрида ташкил этилгани ҳам алоҳида рамзий маънога эга. Асрлар давомида Самарқанд Шарқ ва Ғарбни, турли халқлар, маданиятлар, динлар ва ғояларни боғлаб келган сивилизациялар чорраҳаси бўлиб, бу заминда тараққиёт мулоқот, ўзаро ҳурмат, илм-маърифат ва ҳамкорлик билан уйғун равишда ривожланиб келган.

Халқаро экспертлар фикрича, бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, миграция жараёнлари, ахборот маконида ишончли ахборотни таъминлаш билан боғлиқ масалалар давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот ҳамда ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Бундай вазиятда демократик тараққиётни таъминлаш, ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мазкур жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини таъминлаш, инсон манфаатларини илгари суриш, аҳоли фикрини давлат органларига етказишда муҳим ўрин эгаллайди.

Шу маънода, замонавий демократик тараққиёт давлат бошқаруви органларининг очиқ ва ҳисобдор фаолияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ташаббускорлиги ва фаол иштироки билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларида давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш борасида муайян тажрибалар шаклланди.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш юзасидан илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Хусусан, “яшил” энергетика соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурслардан оқилона фойдаланиш, Оролбўйидаги экологик муаммолар ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни кучайтириш Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг муҳим устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатда мазкур йўналишларни амалга ошириш ўзига хос тарихий, миллий ва институционал хусусиятларга эга. Бу эса минтақада ўзаро тажриба алмашиш, умумий ёндашувларни муҳокама қилиш ва илғор амалиётларни кенг татбиқ этиш учун муҳим замин яратади.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасини қиёсий ўрганиш, демократик тараққиётнинг умумий тенденсияларини аниқлаш, мавжуд масалаларни таҳлил қилиш ва истиқболли вазифаларни белгилаш форум муҳокамаларининг асосий йўналишларидан бири бўлди.

Очилиш маросимидан кейин форум ўз ишини “Халқчил бошқарув ва ижтимоий шериклик: ислоҳотларни амалга оширишнинг замонавий механизмлари”, “Инсон манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли”, “Янги Ўзбекистон — Марказий Осиёда умумий тараққиёт ва яхши қўшничилик драйвери” мавзуларига бағишланган учта параллел тадбирда давом эттирди.

Сессиялар давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлар ва ННТлар тармоқларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақада фуқаролик жамияти институтлари учун доимий мулоқот платформаларини ривожлантириш, ижтимоий инновациялар ҳамда самарали ННТ амалиётларини оммалаштириш бўйича бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, Қозоғистоннинг “Ерменсай” жамоат бирлашмаси раҳбари Людмила Сенгирбаева мамлакатида маҳаллий ижтимоий муаммоларни ҳал этишда “давлат — фуқаролик жамияти — маҳаллий ўзини ўзи бошқариш” уч босқичли модели шаклланганини маълум қилди.

Унда асосий ёндашув анъанавий маъмурий бошқарувдан фуқаролар ва ННТларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этувчи иштирокчи бошқарувга ўтишга қаратилганини билдирди. Таъкидланишича, бу ҳамкорлик Фуқаролик форуми, вазирлик ва ҳокимликлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда жамоатчилик назорати институти орқали амалга оширилади. Жамоатчилик кенгашлари таркибининг камида 70 фоизини жамоатчилик вакиллари ташкил этиши фуқаролар овозини қарорларга олиб киришга хизмат қилади.

Тожикистоннинг “Иқтидор” жамоатчилик ташкилоти бошқарув Кенгаши аъзоси Нодира Раҳмонбердиева жамоатчилик мониторингини давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида эътироф этди. Хусусан, жамоатчилик мониторинги давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида муаммони аниқлашдан тортиб маълумот тўплаш, фактни текшириш, таҳлил, тавсия, давлат билан мулоқот ва тавсиялар ижросини қайта кузатишгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олиши кераклиги ҳақидаги фикрни илгари сурди.

Тадбирда қатнашган хорижлик экспертлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот механизмларини такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этдилар.

Форум глобал миқёсда демократик институтлар олдида янги чақириқлар юзага келаётган бир пайтда Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини яна бир бор кўрсатди.

Форум якунларига кўра, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган резолюция қабул қилинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.