Самарқанд форуми: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги муаммолар муҳокамаси
Ўзбекистонда «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал шериклик» мавзусида V Самарқанд инсон ҳуқуқлари форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур форум юбилей саналарига бағишланган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, […] қабул қилинганига 60 йил тўлмоқда.

Самарқанд форуми: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги таҳдидлар муҳокамаси
Ўзбекистонда «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги Декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал шериклик» мавзусида V Самарқанд инсон ҳуқуқлари форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум бир қатор юбилей саналарига бағишланган. Бу йил Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганига 60 йил, Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги Декларацияга 40 йил, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга 20 йил тўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда.
– Мен Ўзбекистонга, авваламбор, ҳамкасбларимни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ташкил этилганининг ўттиз йиллиги билан табриклаш учун келдим. Ташриф доирасида, шунингдек, Ҳамдўстликнинг энг ёш органларидан бири бўлган, бор-йўғи учинчи йил ишлаётган ва етти давлат вакилларини бирлаштирган МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси фаолиятини тақдим этишни истардим. Бу вақт ичида муайян иш тажрибаси шаклланди: конструктив мулоқот бўлиб ўтди, бир қатор мавзуий маърузалар тайёрланди, улар менинг фикримча, халқаро ташкилотлар вакиллари учун ҳам қизиқарли бўлиши мумкин. Бугунги кунга қадар Комиссиянинг олтита йиғилиши бўлиб ўтди, еттинчиси тайёрланмоқда ва ҳозирча иштирокчи давлатлар умумий қарор ва ягона ёндашувни ишлаб чиқа олмаган бирорта ҳам масала бўлгани йўқ. Бу ҳамкорликни янада ривожлантириш учун жуда муҳимдир. Ҳар йили Комиссия МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашига маъруза тақдим этади. Бизнинг асосий мақсадимиз – Ҳамдўстлик маконида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ёндашувларни, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илғор тажриба алмашиш ва инсон ҳуқуқлари амалга оширилишини мониторинг қилиш нуқтаи назаридан унификация қилишдир, – деди МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Евгения Парамонова.
Форум ишида офлайн ва онлайн форматларда 200 дан ортиқ вакил иштирок этмоқда: 10 та халқаро, 8 та минтақавий ташкилот, хорижий давлатларнинг 8 та инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, инсон ҳуқуқлари бўйича 30 дан ортиқ етакчи миллий ва хорижий экспертлар, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотларнинг бизнес доиралари вакиллари.
«Инсон ҳуқуқлари халқаро тизимига бўлган ишонч, авваламбор, инсон ўз кундалик ҳаётида ҳис қиладиган натижалар билан мустаҳкамланади. Самарқанд форуми халқаро мажбуриятлар амалий ечимларга айланадиган майдонга айланиши лозим», – деб таъкидлади ўз қутлов сўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева.
Форум иштирокчилари еттита параллел шўъбада иш олиб бордилар. Муҳокамалар марказида таълим ва соғлиқни сақлаш, муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш ҳуқуқлари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ҳамкорлик ва молиявий институтларнинг роли, қуролли можаролар шароитида маданий бойликларни ҳимоя қилиш масалалари турди. Шунингдек, демографик ўзгаришлар, жумладан, аҳолининг қариши, таълим, соғлиқни сақлаш ва инсон капиталига инвестициялар киритиш, гендер тенглиги ва бошқа кўплаб мавзулар кўриб чиқилди.
Замонамизнинг янги таҳдидларига алоҳида урғу берилди.
– Бугун глобал маконда биз халқаро шартномаларни бузувчи кўплаб зиддиятли ва низоли вазиятларни кузатмоқдамиз. Анъанавий хавф-хатарлар билан бир қаторда, замонавийлик янги таҳдидларни ҳам тақдим этмоқда. Биринчи навбатда, бу киберхавфсизлик масалалари ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланишидир. Бир томондан, СИ кенг имкониятлар очади, лекин иккинчи томондан – унинг эволюцияси инсоннинг асосий ҳуқуқларига қандай таъсир қилади, деган савол туғилади. Ўзбекистон раҳбарияти ҳар доим глобал маконда ҳар бир фуқаронинг ҳимояси учун киберхавфсизликнинг ахлоқий қоидалари аниқ шакллантирилиши ва жорий этилиши тарафдори бўлиб келган. Экологик ва иқлим хавфсизлиги масалалари ҳам худди шундай долзарб бўлиб қолмоқда. Иқлим ўзгариши инсонлар ҳаётий фаолиятига бевосита таъсир қилади ва ўзида ўзаро боғлиқ тўртта асосий компонентни: энергетика, озиқ-овқат, сув ва экологик хавфсизликни қамраб олади. Бугунги кунда ушбу йўналишда халқаро шериклик фаол йўлга қўйилмоқда. Бироқ биз нафақат халқаро ҳужжатларни қабул қилишимиз, балки уларнинг илғор нормаларини миллий қонунчилигимизга тезкорлик билан жорий этишимиз керак, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Файзиева.
Инсоният дуч келаётган глобал таҳдидлар шароитида замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини такомиллаштириш энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
– Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш – ОҲИЧК доирасида биз инсон ўлчови контекстида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан фаол шуғулланяпмиз ва Ўзбекистон ушбу йўналиш бўйича мувофиқлаштирувчи мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон сўнгги йилларда инсон ўлчовини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган бир қатор тадбирларни ташкил этди. Ташкилотимиз доирасида ҳам ҳамкорликнинг янги механизмлари, хусусан, Хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш ташкил этилмоқда, давлат олий таълим муассасаларини бирлаштирувчи етакчи университетлар тармоғи ривожланмоқда. Ушбу йўналишларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, ёшларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда катта ишлар олиб борилмоқда. Иқлим ўзгариши ва бошқа глобал жараёнлар контекстида юзага келаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз ушбу мавзуларни ОҲИЧК доирасидаги ишонч чоралари бўйича тегишли тадбирларга киритишни бошладик, – деб таъкидлади Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) Бош котиби ўринбосари Чанг Линг.
Самарқанд инсон ҳуқуқлари форуми ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда самарали ечимларни излаш учун ноёб мулоқот майдони сифатида ўзини намоён этишга улгурди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

