Саида Мирзиёева Наманган вилоятида боланинг зўрланиши билан боғлиқ фожиага муносабат билдирди

Саида Мирзиёева Наманган вилоятида болага нисбатан зўравонлик билан боғлиқ фожиа ҳақида фикр билдирди
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Наманган вилоятида содир бўлган фожиали воқеага муносабат билдириб, айбдорларга нисбатан энг қаттиқ жазо қўлланилиши ва қонунчиликни кучайтириш бўйича таклифлар тайёрланиши зарурлигини таъкидлади.
У содир бўлган воқеадан ғазабда эканини маълум қилди ва бундай жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилиши кераклигини қайд этди.
"Амалдаги қонунчиликда бу кўзда тутилмагани боис, биз жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз", - деди Саида Мирзиёева.
Администрация раҳбарининг сўзларига кўра, нафақат бевосита айбдор, балки совуққонлик кўрсатган ва боланинг хавфсизлигини таъминламаган барча шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
Аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчалардан бирининг омборхона мудири 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик қилганликда гумонланаётгани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иш болалар омбудсмани назоратида. Ҳозирда "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари қизча ва унинг онасига психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Бола оилада, ота-онаси қарамоғида.

