Намангандаги боғчада омбор мудири 5 ёшли тарбияланувчи қизни зўрлагани маълум бўлди

Намангандаги боғчада омбор мудири 5 ёшли тарбияланувчи қизни зўрлагани аниқланди
Наманган вилоятидаги давлат боғчаларидан бирида ишлаган омбор мудири 5 ёшли тарбияланувчи қизга нисбатан зўрлаш жиноятини содир этгани маълум бўлди.
Бу ҳолатни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳамда Болалар омбудсмани вакили тасдиқлади.
Маълум қилинишича, болага нисбатан содир этилган ушбу жинсий зўравонлик юзасидан Наманган вилояти Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12-сентябр куни жиноят иши қўзғатилган.
“Шу куннинг ўзида гумонланувчи К.М. процессуал тартибда дарҳол ушланган бўлиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган . Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади Болалар омбудсмани ахборотида.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича жиноят иши очилган.
Қўшимча қилинишича, Болалар омбудсмани мазкур иш юритувида ваколатлари доирасида жабрланувчи боланинг қонуний манфаатлари таъминланишини кузатиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3-март куни президент аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ва тазьиқ ҳолатларига чек қўйиш назарда тутилган фармонни имзолаганди. Унда қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118- ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш белгиланганди.
Вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уяциз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятларини содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклифига розилик билдирилган. ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда буни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиши топширилган.

