Рул ва педалларсиз: Tesla икки ўриндиқли Cybercab тақдимотини ўтказади

Рул ва педалларсиз: Tesla икки ўриндиқли Cybercab моделини тақдим этади
3 сентябрь, пайшанба куни Техасда Tesla компанияси икки ўриндиқли Cybercab ҳайдовчисиз автомобилини тақдим этади, деб хабар бермоқда Reuters. Автоишлаб чиқарувчи руль чамбараги ва педалларсиз моделни намойиш этишни режалаштирмоқда, Илон Маск буни компанияни автоном транспорт бозори етакчисига айлантиришдаги асосий элемент деб ҳисоблайди.
Ҳозирда Tesla Техас ва Флориданинг бир нечта шаҳарларида Model Y автоном кроссоверлари базасидаги чекланган роботакси хизматини синовдан ўтказмоқда, бироқ анъанавий бошқарув органлари бўлмаган машиналардан тижорий мақсадларда фойдаланиш регулятор тўсиқларига дуч келмоқда. АҚШнинг амалдаги федерал қоидаларига кўра, рул ва педалларсиз автомобилларни сотиш ҳажми чекланган, бир қатор штатларда, жумладан Калифорнияда ҳайдовчисиз воситалардан тижорий мақсадларда фойдаланиш учун компанияда ҳанузгача зарур рухсатномалар мавжуд эмас.
2025 йилнинг ёзида бошланган пилот лойиҳа доирасида Tesla хизмати кўпинча чекланган қамров ҳудуди ва узоқроқ кутиш вақтига дуч келмоқда. Давлат реестрлари маълумотларига кўра, Техасда компаниянинг 420 та ҳайдовчисиз автомобили рўйхатга олинган бўлиб, улардан 45 таси Cybercab моделидир. Таққослаш учун, Америка автоном ташиш бозори етакчиси Waymo штатда мингга яқин машинадан фойдаланади.
Аввалроқ Cybercab ишлаб чиқаришни 2026 йил апрелида бошлаш ва унинг асосида глобал ҳайдовчисиз такси тармоғини яратиш режалари эълон қилинганига қарамай, Маск дастлабки ишлаб чиқариш ҳажми жуда секин суръатларда ўсишини тан олган эди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, жаҳон электромобиллар бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, автоном технологиялар йўналишини ривожлантириш Tesla компаниясининг бозор капитализацияси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

