Рубио Ўзбекистонга йўл олди
У 19-октабр куни Самарқандда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этади.

Рубио Ўзбекистонга йўл олди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашиш учун Самарқандга жўнаб кетди. Унга минтақага, жумладан, муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасига сармоя киритишга қизиқаётган 200 дан ортиқ америкалик ишбилармонлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Сафар олдидан у аеропортда журналистлар билан суҳбатлашди ва Марказий Осиёга ташрифининг сабаблари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Биз айрим мамлакатларга у ерда инқироз юзага келгани учун эмас, балки улар билан муносабатларни ривожлантиришни истаганимиз учун борамиз», – деди у.
Давлат департаменти раҳбари бу гап фақат Ўзбекистонга эмас, балки минтақанинг қолган тўртта давлати ҳақида ҳам эканини таъкидлади.
19-октабр куни Самарқандда «С5+1» форматида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этади.
Ўша куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио икки давлат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи даврасини ўтказади.
Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилади.
Бундан ташқари, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида учрашувлар ҳам режалаштирилган.
Самарқанддаги учрашувлардан кейин АҚШ давлат котиби Ҳиндистонга йўл олади.

