Самарқандга Марко Рубио бощилигида АҚШнинг 100дан ортиқ компаниялари вакиллари делегацияси ташриф буюради
Марко Рубио ташрифи давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги С5+1 вазирлар учрашувида қатнашади

Самарқандга Марко Рубио бощилигидаги АҚШнинг 100 дан ортиқ компаниялари вакилларидан иборат делегация келади
Октабр ойи ўрталарида Самарқанд шаҳрига АҚШ давлат котиби Марко Рубио бощилигида 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан ташкил топган бизнес делегация ташриф буюради.
Қайд этилишича, ушбу ташрифнинг мақсади АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ҳамда икки томонлама дипломатик ва тижорат ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Марко Рубио сафар давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этадиган С5+1 вазирлар учрашувида қатнашади.
Музокараларда минтақавий иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика хавфсизлигини кучайтириш ҳамда С5+1 доирасида минтақанинг умумий устувор вазифаларига биргаликда ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.
АҚШ давлат котиби, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақа давлатлари вакиллари билан савдо алоқаларини кенгайтириш, хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ҳамда Марказий Осиёда иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилади.

