Руанда президентининг сургундаги танқидчиси боши узилган ҳолда топилди
Собиқ армия сержант-майори Роберт Кабера машҳур ютубер ва хонанда бўлиб, Угандадан бошпана сўраган эди.

**Руанда президентининг сургундаги танқидчиси боши кесилган ҳолда топилди**
Роберт Кабера таниқли ютубер ва хонанда эди
Руанда армиясининг собиқ сержант-майори, кейинчалик президент Пол Кагаменинг ашаддий танқидчисига айланган шахс қўшни Угандада боши кесилган ҳолда топилди.
50 ёшли Роберт Кабера жинсий тежовузликда айблангач, Руандани тарк этган эди, у бу айбловни рад этган. У сиёсий таъқибга учраётганини айтиб, қўшни Угандадан бошпана сўраган.
Уганда полицияси матбуот котиби Китуума Русоке душанба куни Каберанинг боши ҳали ҳам топмаганини айтди. Унинг жасади дам олиш кунлари Кампала чеккасида маҳаллий аҳоли томонидан топилган.
Руанда ҳукумати ушбу қотиллик бўйича ошкора изоҳ бермади. Кагаменинг бир қанча танқидчилари ҳам Руанда ичида, ҳам хорижда ўлдирилган.
Унинг беваси Жанна д'Арк Рвигема Увизейе BBC Great Lakes хизматига ёзган хабарида эндиликда оиласи хавфсизлигидан хавотирда эканини айтди.
"Бу жуда ваҳимали. Ўзимни ақлдан озгандай ҳис қиляпман, болаларим ва менинг хавфсизлигимиз таъминланмаган", деди у.
Оиласининг сўзларига кўра, Кабера ўлимидан олдин Кампаладан тахминан 45 км (30 миль) узоқликдаги қурилиш майдонини кўздан кечириш учун кетган эди.
Кабера мусиқачи ва ютубер сифатида танилган бўлиб, унинг каналида 144 000 дан ортиқ обуначи бор эди. Каналдаги 800 дан ортиқ видеоларнинг кўпчилиги Кагаме ва унинг ҳукуматини танқид қилишга бағишланган.
Унинг ўлими сургунда яшаётган руандалик диссидентларнинг хавфсизлиги борасидаги хавотирларни янада кучайтирди.
2014 йилда мухолифат партиясини тузишга ёрдам берган Руанда разведкасининг собиқ раҳбари Патрик Карегея Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳридаги меҳмонхона хонасида ўлик ҳолда топилган эди.
2019 йилда Жанубий Африка уни ўлдиришда айбланган икки руандаликни ҳибсга олишга ордер берган.

