Россиядаги ўзбекистонликларга ҳужжат ва ватанга қайтиш чипталари берилди
Россиянинг Новосибирск вилоятида оғир молиявий аҳволга тушиб, ватанга қайтишга муҳтож бўлган олти нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик ёрдами кўрсатилди. Уларга зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтиш учун чипталар берилди.

Россиядаги ўзбекистонликларга ҳужжатлар ва ватанга қайтиш учун чипталар топширилди
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ваколатхонаси маҳаллий корхоналарда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан сайёр учрашувлар ташкил этди.
Дипломатлар нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Сибпекар», мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланувчи «Хилокс товар базаси» ҳамда металл қуйишга ихтисослашган СИБЕЛЕКТРОТЕРМ корхоналарида меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқот қилди.
Фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам юзасидан маслаҳатлар берилди. Шунингдек, уларга колл-марказлар ҳақидаги маълумотлар ва дипломатик ваколатхоналар манзиллари ёзилган материаллар тарқатилди.
Суҳбатларда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Ўзбекистон фуқароларига иш ҳақи асоссиз равишда кечиктирилган тақдирда, муаммони тезкор ҳал этиш учун Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.
Учрашувлар давомида оғир молиявий қийинчиликка тушиб қолган ва Ўзбекистонга қайтишга муҳтож бўлган олти нафар фуқарога, жумладан, вояга етмаган болаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Улар учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ватанга қайтиш чипталари берилди.
Бош консулхона Новосибирск вилоятидаги Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштиришда, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмак беришда давом этишини маълум қилди.

