Россиядаги дрон ҳужумларида жабрланган сўнгги фуқаро ҳам Ўзбекистонга қайтарилди

Россиядаги дрон ҳужумларида жабрланган сўнгги фуқаро ҳам Ўзбекистонга қайтарилди
2026-йил август ойида Нижнекамск шаҳрида юз берган фожиали воқеалар вақтида жабрланган ўзбекистонликларнинг охиргиси ҳам Ўзбекистонга тиббий репатриация қилинди.
2001-йилда туғилган С.А.С. аввалига Нижнекамск шаҳридаги Марказий шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанган. Кейин Татаристоннинг маҳаллий ҳокимлик органлари кўмагида вертолёт орқали Қозон шаҳридаги ихтисослаштирилган шифохонага етказилиб, даволанишни давом эттирган. У ерда фуқаро икки мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Бош консулхона ва Миграция агентлиги ватандошни Ўзбекистонга эвакуация қилиш учун зарур реабилитация жараёнлари ҳамда бошқа чораларни ташкил этди. Унга консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди, ватанга қайтариш билан боғлиқ керакли тартиб-таомиллар якунланди.
Кўрилган чоралар натижасида С.А.С. Узбекистан Аирвайс самолётида Қозон—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинди. У мамлакатда даволанишни давом эттириши учун тегишли тиббий ёрдам билан таъминланди.
10-август куни Татаристондаги Нижнекамск шаҳрида жойлашган бир қатор обьектларга дронлар орқали ҳужум уюштирилганди. Ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳридаги қурилиш корхонасида ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, яна бир қатор фуқаролар эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга жойлаштирилган.
12-август куни махсус авиарейс орқали ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинган. Ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, мазкур ҳолат билан боғлиқ барча масалалар, жумладан, жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари Россия томони билан ҳамкорликда назоратга олинган.

