Россияда мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхати икки бараварга оширилди

Россияда мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхати икки бараварга кенгайтирилди
2026 йил 3 ноябрдан бошлаб Россияда хорижий фуқароларни чиқариб юборишнинг янги қоидалари амал қила бошлади. Эндиликда нафақат миграция қоидаларини бузиш, балки майда безорилик, ноқонуний митингларда иштирок этиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам чиқариб юборишга асос бўлиши мумкин. Асослар сони 22 тадан 45 тагача кўпайди.
Хусусан, хорижий фуқароларга майда безорилик; тақиқланган символикани намойиш қилиш; Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириқлар; номақбул ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш; РФ Қуролли кучларини обрўсизлантириш; оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузиш; Россияга қарши санкциялар жорий этишга чақириқлар; полиция ходими ёки ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмаслик; давлат чегарасини бузиш; камситиш ва ОАВ эркинлигини суиистеъмол қилиш каби қоидабузарликлар учун чиқариб юбориш хавф солиши мумкин.
Маъмурий чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорни суд қабул қилади. Ишни кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва бошқа муҳим омиллар ҳисобга олинади.
Қарор чиқарилгандан сўнг хорижлик Россия ҳудудини тарк этиши шарт. Вазиятга қараб, чиқариб юбориш ёки назорат остида ихтиёрий равишда, ёки мажбурий тарзда амалга оширилади.
Бир қатор ўта жиддий қоидабузарликлар, хусусан, терроризм ва экстремизмга чақириқлар билан боғлиқ ҳолатлар учун айнан мажбурий чиқариб юбориш назарда тутилган.
Қонун муҳокамаси чоғида фарзандлари Россия фуқароси бўлган хорижликлар масаласи алоҳида кўтарилди.
ИИВда тушунтирилишича, янги қонунда бундай ҳолатлар учун махсус мустаснолар назарда тутилмаган. Шу билан бирга, ҳар бир ҳолат аниқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида кўриб чиқилади. Бироқ, Россия фуқаролигига эга фарзандларнинг мавжудлигининг ўзи чиқариб юборишдан озод қилишни кафолатламайди.
Ўзгаришлар нафақат чиқариб юбориш асосларига, балки миграция қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорига ҳам таъсир кўрсатди.
Давлат Думасида тақдим этилган маълумотларга кўра, энди: кириш ва бўлиш қоидаларини бузганлик учун жарима 4 минг рублдан бошланади; такрорий қоидабузарлик учун — 7 минг рублдан; ноқонуний меҳнат фаолияти учун — 4 минг рублдан; меҳнат фаолияти қоидаларини такроран бузганлик учун — 7 минг рублдан бошланади.
Ҳокимият органлари ўзгаришларни хорижий фуқаролар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда.
Маълумотларга кўра, охирги бир ярим йил ичида турли қоидабузарликларга йўл қўйган мигрантларни чиқариб юбориш сони 2,6 бараварга ортган.
2025 йилда Россиядан 72 минг нафар хорижий фуқаро чиқариб юборилган.

