Россияда 555 метр баландликдаги янги осмонўпар бино барпо этилади
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида баландлиги 555 метр бўлган «Лахта Сентр - 3» осмонўпар биносини қуриш лойиҳаси давлат экспертизасининг ижобий хулосасини олди. Минорада қишки боғлар, савдо нуқталари, кўргазма майдони ва томоша майдончаси ташкил этилиши режалаштирилган.

Россияда баландлиги 555 метр бўлган янги осмонўпар бино қурилади
Накед Ссиенсе нашрининг хабар беришича, Россия Бош давлат экспертизаси лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлагани ҳақидаги маълумот капитал қурилиш обьектлари лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси хулосаларининг ягона давлат реестрига киритилган.
Бино Санкт-Петербургнинг Приморский туманидаги Лахта-Олгино муниципал округида жойлашади. Лойиҳанинг қурувчиси — «Синергия» аксиядорлик жамияти, техник буюртмачиси эса «Ренконс» аксиядорлик жамияти ҳисобланади.
Нашрга кўра, қурилиш тугагач, минора дунёдаги энг баланд ўнта бино қаторига кириши кутилмоқда.
Меъморий консепсияга биноан, бино ҳажми марказий, бир неча қават баландлигини қамраб олувчи атриумлар атрофида бурилиб кўтариладиган иккита спиралсимон шакл орқали ҳосил қилинади.
Миноранинг 43-, 70- ва 88-қаватларида қишки боғлар кўринишидаги холлар ташкил этилади. Уларда кафетерийлар ва кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар бўлиши кўзда тутилган.
Биринчи ва 100-қаватларда ноозиқ-овқат товарлари дўконлари, дорихона киоски ҳамда сувенир савдоси ҳудудларини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бинонинг юқори қисми кўргазма майдони ва шаҳар манзарасини томоша қилиш майдончасига ажратилади.
«Лахта Сентр - 3» Санкт-Петербургда шаклланаётган баланд бинолар мажмуасининг бир қисми бўлади. Август бошида Россия Бош давлат экспертизаси «Лахта Сентр - 2» осмонўпар биносининг лойиҳа ҳужжатларига ҳам ижобий хулоса берган эди.
Шунингдек, Санкт-Петербургнинг ердан фойдаланиш ва қурилиш комиссияси баланд биноларни жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкаларининг янги таснифини маъқуллаган.

