Россия Запорожьега авиабомбалар билан зарба берди, 24 киши ҳалок бўлди (видео)
Украина президенти Владимир Зеленский Россия гуманитар ёрдам тарқатилаётган мактабга зарба берганини айтиб, ҳужум оқибатлари акс этган видеони улашди.

Россия Запорожьега авиабомбалар билан ҳужум қилди, 24 киши ҳалок бўлди (видео)
Россия қўшинлари Запорожье вилоятидаги Камишеваха посёлкасига авиабомбалар билан зарба берди. Натижада 18 киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди. Кейинроқ Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати қурбонлар сони 24 кишига етганини билдирди.
Зеленскийнинг айтишича, ҳужум гуманитар мақсадларда фойдаланилаётган мактабга қаратилган бўлиб, у ерда маҳаллий аҳолига инсонпарварлик ёрдами тарқатиларди.
“Биринчи зарбадан сўнг одамлар яширинган бошпанага яна тўққизта авиабомба ташланди”, — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Камишевахада қолган аҳоли ҳар ҳафта айнан шу ерда гуманитар ёрдам олишини билмаслиги мумкин эмас.
Зеленский бу ҳужум Россия вазиятни юмшатиш ва тинчликка эришиш ниятида эмаслигини кўрсатишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Олешкидаги гуманитар операциядан сўнг тинчликка эришиш учун умид пайдо бўлган, бироқ Россиянинг ҳужуми бунинг аксини кўрсатмоқда.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, зарбадан кейин 27 киши бедарак йўқолган.
Россия ва Украина Олешки ҳудудида тинч аҳолини эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам етказиш учун вақтинча ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди. Оташкесим 27-октябрдан 1-ноябр соат 22:59 гача давом этди. АФП маълумотига кўра, Украина оташкесим муддатини узайтиришни таклиф қилган, бироқ Россия бунга рози бўлмаган.

