Россия Александровкага тўртта авиабомба ташлади - беш киши ҳалок бўлди
Украинанинг Донецк вилоятидаги Александровка посёлкасига Россия ҳужуми оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, яна олти киши, жумладан, бир бола жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, вайроналар остида яна етти киши, шу жумладан, икки нафар ёш бола қолган бўлиши мумкин.

Россия Александровкага тўртта авиабомба ташлади, оқибатда беш киши ҳалок бўлди
ДВ хабарига кўра, Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин 23-сентабр куни Телеграм орқали ҳужум оқибатлари ҳақида маълум қилган.
Жароҳатланганлар орасида 2021-йилда туғилган бола бор. Филашкин аввалги хабарида вайроналар остида қолгани айтилаётган икки бола 2024 ва 2025-йилларда туғилганини билдирган.
Александровкага тўртта авиабомба ташланган
Вилоят раҳбарининг маълумотига кўра, Россия кучлари маҳаллий вақт билан соат 10:00 атрофида Краматорск туманидаги Александровкага тўртта авиабомба ташлаган.
Зарбалар натижасида 12 та кўп квартирали уй, 42 та хусусий уй, маъмурий бино, болалар боғчаси, дўкон ва еттита автомобил зарар кўрган. Филашкин эълон қилган суратларда шикастланган беш қаватли уй ҳамда ҳодиса жойидаги ёнғинлар акс этган.
Донецк вилояти полицияси маълумотига кўра, ҳужумда парвозни режалаш ва йўналишни тузатиш модули билан жиҳозланган ФАБ-250 авиабомбаларидан фойдаланилган.
Филашкин вилоятда қолаётган аҳолини эвакуацияни кечиктирмасликка чақирган.
«Болаларингизни асранг. Уларни хавфсизроқ ҳудудларга олиб чиқинг», - деб ёзган у.
Хабар эълон қилинган пайтда Александровкада қидирув-қутқарув ишлари давом этаётган бўлган.
Донецк вилояти полицияси Россия кучлари Краматорскка кассетали ўқ-дорилар билан ҳам зарба берганини маълум қилган. Ҳужум соат 11:45 да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, «Ураган» реактив залп ўт очиш тизими қўлланилган.
Зарба оқибатида тўққиз киши - тўрт аёл ва беш эркак жароҳатланган. Полиция жабрланганларнинг ёши 46 дан 74 гача эканини билдирган.
Аёллардан бири оғир аҳволда бўлиб, унинг шахси аниқланаётгани айтилган. Жабрланганларда портлашдан олинган жароҳатлар, синиқ парчаларидан яраланиш ва суяк синишлари қайд этилган. Саккизта хусусий уй ҳам шикастланган.

