Россия Харкив ва Киевга зарба берди: камида 5 киши ҳалок бўлди
Россиянинг Харкив ва Киевга ҳужумлари оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, жами 5 киши ҳалок бўлди, 22 киши жароҳатланди. Харкивда ракета тўрт қаватли тураржойга урилган, вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин.

Россия Харкив ва Киевга ҳужум қилди: камида 5 киши ҳаётдан кўз юмди
ДВ маълумотига кўра, 13-октабрга ўтар кечаси Россия Украинага яна кенг миқёсли зарба берган. Харкив мери Игор Терехов шаҳарда 3 киши ҳалок бўлгани ва яна 11 киши жароҳат олганини билдирган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг хабар беришича, зарбалар Харкивнинг Холодногорск ва Шевченко туманларидаги тураржой мавзелари ҳамда фуқаролик инфратузилмаси обьектларига тушган.
Ракеталардан бири тўрт қаватли уйга тегиб, унинг бир подьездини тўлиқ вайрон қилган. Вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкинлиги сабабли қутқарув ишлари давом этмоқда.
12-октабр оқшомида Россия қўшинлари Киевга ҳам баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилган.
Шаҳар мери Виталий Кличконинг айтишича, Дарница туманида дрон 25 қаватли уйнинг 12–16-қаватлари оралиғига урилган. Ҳужум натижасида 2 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган.
Киев шаҳар прокуратурасига кўра, ҳалок бўлганлар — 59 ёшли аёл ва ҳужумга учраган кўп қаватли уй ёнидаги автомобилда бўлган яна бир киши.
Киевга баллистик ракеталар билан такрорий зарба ҳам берилган. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия ҳудудидан ракеталар учирилгани ҳақидаги маълумот ўз вақтида келиб тушмагани сабабли ҳаво ҳужуми хавфини олдиндан эълон қила олмаганини билдирган.
Ҳарбийларнинг маълум қилишича, баллистик нишонлар радарлар орқали бевосита Киевга ҳужум вақтида аниқланган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

