Дунё

Россия Харкив вилоятига зарба берди: беш киши ҳалок бўлди

Украина расмийларига кўра, Россия қўшинларининг Харкив вилоятидаги Бугаевка қишлоғига артиллерия зарбаси оқибатида турар жой вайрон бўлиб, беш киши ҳалок бўлди. Суми шаҳрига берилган зарбалар натижасида эса камида 14 киши жароҳатланган.

Россия Харкив вилоятига ҳужум қилди: беш киши ҳалок бўлди.

Харкив вилояти прокуратурасининг хабар беришича, Россия қўшинлари Чугуев туманидаги Бугаевка қишлоғини артиллерия билан ўққа тутган. Ушбу ҳужум натижасида турар жой биноси вайрон бўлиб, беш киши ҳаётдан кўз юмган.

Прокуратура 10-август куни Телеграм орқали тарқатган маълумотида зарба турар жойлар жойлашган ҳудудга берилганини таъкидлаган.

Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, бир сутка давомида вилоятдаги 24 та аҳоли пункти Россия томонидан турли қуроллар билан ўққа тутилган. Унинг қайд этишича, ушбу ҳужумлар натижасида тўққиз киши жароҳатланган. Шунингдек, фуқаролик инфратузилмасининг кўплаб объектлари шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Жумладан, фермер хўжаликлари, корхоналар, савдо дўконлари, хусусий ва кўп қаватли турар жойлар, дон омборлари ҳамда маъмурий биноларга зарар етган.

Шу билан бирга, 10-августга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Суми шаҳридаги фуқаролик инфратузилмасига бошқариладиган авиабомбалар билан беш марта зарба берган. Суми вилояти давлат маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг билдиришича, ушбу ҳужумлар оқибатида камида 14 киши турли даражада жароҳатланган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари эса 10-августга ўтар кечаси мамлакат ҳудудига кенг кўламли ҳаво ҳужуми амалга оширилганини маълум қилди. Украина томони маълумотига кўра, Россия кучлари ҳужум давомида Х-59/69 русумли бошқариладиган авиация ракетаси, учта "Бандерол" барражловчи ўқ-дориси, шунингдек, жами 126 та Шаҳед, "Гербера" туридаги ҳужумкор ва нишонни чалғитувчи дронлардан фойдаланган.

Украина ҳаво мудофааси бўлинмалари 92 та дрон ва учта "Бандерол" барражловчи ўқ-дорисини уриб туширган ёки радиоелектрон воситалар ёрдамида бостирганини билдирган. Шу билан бирга, 22 та ҳудудда 31 та ҳужумкор дрон нишонга теккани, яна икки жойда уриб туширилган аппаратларнинг парчалари қулаб тушгани қайд этилган. Украина Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, Россия томонидан учирилган Х-59/69 авиация ракетаси ҳаво мудофааси ва бошқа қарши чоралар натижасида ўз нишонига етиб бормаган.