Россия олигархларининг хатланган яхталари Италияга миллионлаб долларга тушмоқда
Россия олигархларининг ҳашаматли яхталари санксиялар сабаб тўрт йилдан бери Италия портларида хатлов остида турибди. Уларнинг экипажи, қўриқланиши ва техник хизмат харажатлари италиялик солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланмоқда. Мамлакат қонунларига кўра, бундай кемалар соз ҳолатда сақланиши шарт.

Россиялик олигархларнинг хатланган яхталари Италияга миллионлаб долларга тушмоқда
Санксиялар туфайли хатланган россиялик миллиардерларнинг ҳашаматли яхталарини сақлаш Италия бюджетига миллионлаб долларга тушмоқда. Айрим кемалар тўрт йилдан бери портларда турибди, уларнинг экипажи, қўриқланиши ва техник хизмат харажатлари эса италиялик солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланмоқда, деб ёзади СНН.
Россиялик миллиардер Андрей Мелниченкога тегишли, қиймати 600 миллион долларлик Саилинг Ячт А 2022-йил мартидан буён Триест портида хатлов остида турибди. Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан санксиялар жорий этилган пайтда кема айнан шу ерда таъмирланаётган эди.
Триест мери Роберто Дипиацсанинг СННъга айтишича, узунлиги 143 метр бўлган яхтани сақлаш бир кунда қарийб 30 минг доллар, бир йилда эса деярли 11 миллион долларга тушмоқда. Бу маблағлар 20 кишилик экипаж маоши, ёқилғи, тозалаш, қўриқлаш ва суғуртага сарфланади.
Италия қонунларига кўра, хатланган кемалар соз ҳолатда сақланиши керак. Агар Мелниченкога қарши санксиялар бекор қилинса, у яхтасини қайтариб олиш учун уни сақлаш харажатларини тўлаши лозим бўлади.
“Унга барча харажатларимизни қоплашдан кўра янги яхта сотиб олиш арзонга тушади. Бизга-чи, нима қолади? Бу баҳайбат яхта учун яна йиллар давомида пул сарфлашимизга тўғри келиши мумкин”, деди Дипиацса.
Мелниченко 2022-йилда яхтанинг хатланишига қарши судга мурожаат қилган. У кема бевосита ўзига эмас, балки рафиқаси ташкил этган траст орқали Валла Саилс компаниясига тегишли эканини билдирган. Бироқ 2025-йилда Европа Иттифоқи суди Италия яхтани хатлов остида сақлашга ҳақли эканини тасдиқлаган.
Италия бюджетига қимматга тушаётган яна бир кема — Тоскана ҳудудидаги Марина-ди-Каррара портида турган “Шехерезада” яхтаси. Қиймати 700 миллион долларлик кема “Роснефт” компаниясининг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатовга тегишли экани айтилади. Бироқ россиялик мухолифатчи Алексей Навалний уни аслида Владимир Путинга тегишли деб даъво қилган.
Яхтада иккита вертолёт қўниш майдончаси ва рақс майдончасига айлантириладиган бассейн бор. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, яхта хатланганидан бери унинг экипажи учун 15 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Экипаж таркибида Россия ва Буюк Британия фуқаролари бор.
Жорий йилнинг 28-августида яхта Италия хавфсизлик кучлари кузатувида портдан чиқиб, ўн соатдан сўнг қайтган. Масъул компания бу сафар техник текширув учун амалга оширилганини билдирган, бироқ харажатларни ким қоплаганини ошкор қилмаган.
Италия россиялик миллиардер Алексей Мордашовнинг Ладй М яхтасини сақлашга ҳам қарийб 2 миллион доллар сарфлаган. Кема Империя портида хатлов остида турибди. Шунингдек, Путиннинг иттифоқчиларидан бири Геннадий Тимченкога тегишли Лена яхтаси ҳам Италияда сақланмоқда.
Хатланган кемаларда доимий экипаж ишлайди. Уларни соз ҳолатда сақлаш, қўриқлаш ва ички қисмларида моғор пайдо бўлишининг олдини олиш ҳам қўшимча харажат талаб қилади.
Россия олигархларининг яхталарини сақлаш муаммоси Европанинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд.
Германияда илгари Алишер Усмоновнинг синглисига тегишли бўлган 800 миллион долларлик Дилбар, Франсияда Игор Сечин билан боғлиқ Аморе Веро, Испанияда эса Виктор Векселбергга тегишли Танго яхталари сақланмоқда.
Айрим давлатлар эса хатланган кемаларни сотишга муваффақ бўлган. Масалан, Гибралтар россиялик миллиардер Дмитрий Пумпянскийнинг Ахиома яхтасини 37,5 миллион долларга сотган. АҚШ ҳам бир нечта кемани, жумладан, Сулаймон Керимовга тегишли Амадеа яхтасини сотган.
Черногорияда эса Андрей Гурйевнинг Луминоситй яхтаси қаровсиз қолган. Ҳукумат 2024-йилда уни 135 миллион еврога сотишга уринган, бироқ савдо тўхтатилган. Кема ҳануз Тиват портида занглаб, яроқсиз ҳолда ётибди.
Италия бош вазири Жоржа Мелони Россия олигархларига қарши санксияларни сақлаб қолиш тарафдори. У Москва билан келишув учун чекловларни юмшатиш “ўта хавфли қарор” бўлишини айтган.
Бироқ Триест мери Роберто Дипиацса каби айрим маҳаллий раҳбарлар россиялик олигархларнинг хатланган яхталарини сақлаш харажатлари италиялик солиқ тўловчилар зиммасига тушмаслиги керак, деб ҳисобламоқда.

