Дунё

Уч дақиқада ўғирланган миллионлаб евролик картиналар топилди

Италия полицияси март ойида Парма яқинидаги хусусий музейдан ўғирланган франсуз рассомлари Пер Огюст Ренуар, Пол Сезанн ва Анри Матисснинг учта асарини топди. Миллионлаб еврога баҳоланаётган картиналар иш бўйича гумондорлардан бирининг уйидан чиққан.

**Уч дақиқада ўғирланган миллионлаб евролик санъат асарлари топилди**

Италия полицияси жорий йил март ойида мамлакат шимолидаги музейдан ўғирланган франсуз рассомлари Пер Огюст Ренуар, Пол Сезанн ва Анри Матисснинг асарларини топишга муваффақ бўлди.

Парма полицияси раҳбари Андреа Паляронинг 14-август куни маълум қилишича, ўғирланган санъат асарлари жиноят иши бўйича гумондорлардан бирининг уйидан топилган. Тергов доирасида Молдованинг тўққиз нафар фуқароси гумон қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг беш нафари картиналарни ўғирлашда бевосита иштирок этган бўлиши мумкин.

Топилган асарлар Ренуарнинг ижодининг сўнгги даврига мансуб «Балиқлар» (тахминий бозор қиймати 3 миллион евро), Сезанннинг қалам ва акварелда ишланган «Гилосли натюрморт» (тахминий бозор қиймати 6 миллион евро) ҳамда Матисснинг «Террасадаги одалиска» акварел асари (тахминий бозор қиймати 20 минг евро) ҳисобланади. Шу тариқа, топилган учта асарнинг умумий қиймати 9 миллион евродан ошади.

Картиналар март ойи охирида Парма яқинида жойлашган санъацҳунос ва коллексионер Луижи Маняни номидаги фонднинг хусусий коллексиясидан ўғирланган эди. Маняни-Рокка фонди музейида Европа тасвирий санъатининг ноёб намуналари, жумладан, Тициан, Албрехт Дюрер, Питер Паул Рубенс ва Франсиско Гойя каби машҳур рассомларнинг асарлари сақланади. Музей Италиядаги энг муҳим хусусий бадиий коллексиялардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ тарқалган маълумотларга кўра, юзларини капюшон билан яширган ўғрилар музейнинг кириш эшигини бузиб очган. Улар бино ичида бор-йўғи уч дақиқа бўлиб, учта қимматбаҳо асарни олиб қочган. Ўғирликдан сўнг Маняни-Рокка фонди ҳодисани олдиндан пухта режалаштирилган жиноят деб атаган. Фонд маълумотига кўра, видеокузатув тизими ишлагани, полиция ва қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракат қилгани сабаб жиноятчилар музейдаги бошқа қимматбаҳо асарларни олиб кетишга улгурмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.