Россия мамлакатдаги Германиянинг сўнгги минтақавий Бош консуллигини ёпди

Россия мамлакатдаги Германиянинг сўнгги минтақавий Бош консуллигини ёпди
Россия расмийлари 7-сентябр куни Германиянинг Санкт Петербургдаги сўнгги минтақавий Бош консуллиги ёпилишини маълум қилди. Бу қарор Берлиннинг Бонндаги Россия Бош консуллигини ёпиш ҳақидаги хабарига жавобан қабул қилинган. Бу ҳақда Деуцче Велле ва “Коммерсант” нашрлари хабар берди.
Қарор “Германия томонининг душманона ҳаракатлари сабабли” қабул қилингани айтилмоқда. Германия Бош консуллиги 2026-йил 18-сентябрдан кечиктирмасдан фаолиятини тўхтатиши керак. Шу муддатгача барча ходимлар Россия Федерациясини тарк этиши шарт.
Бундан ташқари, Россиядаги Гёте институти филиаллари ҳам ишини тўхтатиши лозим. Хабарда айтилишича, уларнинг ходимларига 2026-йил 13-сентябрдан кечиктирмасдан Россияни тарк этиш буюрилган.
Таъкидланишича, Германия дипломатик миссияси раҳбари Россия Ташқи ишлар вазирлигидан тегишли ноталарни олган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Германия расмийларини икки томонлама муносабатларни “янги босқичда кескинлаштиришда” айблади. Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Гёте институти филиаллари ёпилишини эълон қилган эди.
Германия расмийлари 1-сентябр куни Бонндаги Россия Бош консуллиги ҳамда Берлиндаги Россия уйи ёпилишини билдирган. Бу қарор август ойи бошида Лейпсиг/Ҳалле аеропортида режалаштирилган терактга жавобан қабул қилинган.
Германия ташқи ишлар вазири Иоганн Вадефул ва ички ишлар вазири Александр Добриндт ҳодиса юзасидан тергов натижаларини расман эълон қилган. Тергов Россия расмийларининг бу ишга алоқадорлигини кўрсатган.
Германия Бонндаги Россия Бош консуллигини ёпиш ва Берлиндаги Россия уйи бўйича келишувни бекор қилиш билан бирга, Россия фуқаролари учун кириш назоратини ҳам кучайтиради. Шунингдек, Россиянинг “соялар флоти”га қарши чораларни қатъийлаштиради. Айни пайтда, Европа Иттифоқи ва НАТО, шунингдек, бир қатор Европа ҳукуматлари Германияни қўллаб-қувватлашини билдирган.
4-август куни Лейпсиг аеропортида Украинанинг Ан-124 юк самолётига қарши қўпорувчилик ҳаракати содир бўлган эди. ОАВнинг Германия тергов идораларига таяниб хабар беришича, бу ҳужумда бир нечта дрон қатнашган.
Портловчи модда ортилган учувчисиз аппаратлардан бири бир нечта Украина юк самолётлари яқинида топилган. Иккинчи дрон эса биринчи дрон топилганидан бир неча дақиқа ўтиб, ДҲЛ юк самолётига келиб урилган.
Аввалроқ Венгрия 10 нафар россиялик дипломатни ҳайдаб юборгани ҳақида хабар берилганди. Улар Вена конвенсиясига зид равишда фаолият юритгани айтилган. Бу собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг Россияни қўллаб-қувватловчи сиёсати тугаганини кўрсатмоқда.

