Германия элчихонаси Украина бўйлаб сафарлардан огоҳлантирди
Германиянинг Киевдаги элчихонаси Украинада бўлиб турган немис фуқаролари учун сафарларга оид тавсияларни кучайтирди. Дипломатлар 24-август - Украина Мустақиллик куни арафасида Россия энергетика ва транспорт инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Германиянинг Киевдаги элчихонаси Украина бўйлаб саёҳат қилишдан огоҳлантирди.
Германиянинг Киевдаги элчихонаси 14-август куни Украина Мустақиллик куни арафасида мамлакатда бўлган Германия фуқаролари учун хавфсизлик ва саёҳат бўйича тавсияларини янгилади.
Элчихона огоҳлантиришича, 24-август куни ва шу сана атрофида Россия томонидан Украина энергетика инфратузилмаси ва йирик транспорт тугунларига ҳаво ҳужумлари кучайиши эҳтимоли мавжуд.
Дипломатик ваколатхона, айниқса, темир йўл транспортидан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларга эътибор қаратди. Элчихона маълумотига кўра, Украина темир йўл инфратузилмаси ҳаво ҳужумларининг асосий нишонларидан бири бўлиб қолмоқда.
Россия кучлари аввал ҳам нафақат темир йўл стансиялари ва инфратузилма объектларига, балки ҳаракатланаётган поездларга ҳам ҳаводан зарба берган. Хусусан, 13-август куни Одесса яқинида йўловчи поездига қилинган ҳужум оқибатида машинист ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлган. Июн ойида эса Россия Украинанинг турли ҳудудларидаги учта темир йўл локомотивига зарба берган. Шунингдек, Суми вилоятида темир йўл стансиялари, сигнализация объектлари ва электр нимстансиялари ҳам ҳужумга учраган.
Айни пайтда Германиянинг Украинадаги дипломатик ваколатхонасига янги раҳбар тайинланган. Борис Руге Германиянинг Украинадаги янги элчиси сифатида ўз вазифасини бажаришга киришди. Руге 2023-йил сентябридан НАТО бош котибининг сиёсий масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган. У бундан аввал Мюнхен хавфсизлик конференсияси раиси ўринбосари бўлган. Шунингдек, 2014–2016-йилларда Германиянинг Саудия Арабистонидаги элчиси лавозимида фаолият юритган. Борис Руге Украинада Германия элчиси сифатида 2025-йил сентябридан буён ишлаб келган Хайко Томс ўрнини эгаллади.

