Дунё

“Россия билан тўқнашса, Полша икки-уч кунда йўқ бўлиб кетади” — Патрушев

“Россия билан тўқнашса, Полша икки-уч кунда йўқ бўлиб кетади” — Патрушев

Россия президенти ёрдамчиси Николай Патрушевнинг айтишича, агар Полша Россия билан ҳарбий можарога киришса, Полша давлати икки ёки уч кун ичида йўқ бўлиб кетади. Бу ҳақда “Коммерсант” ва Анадолу нашрлари хабар берган.

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский аввалроқ икки давлат ўртасида ҳарбий низо юз берса, Полша Россияни тезда мағлуб эта олишини айтган эди. Патрушев бу фикрларга “Аргументи и факти” газетасига берган интервюсида жавоб қайтарди. У Россия Украинадаги низода ўзининг барча ҳарбий имкониятларидан фойдаланмаётганини таъкидлади.

“Полшанинг Россиядан ҳарбий устунлиги ҳақида гапирар экан, Сикорский бир нарсани тушунмаяпти. Агар Полша Россияга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошласа, мамлакатимиз қўлидаги барча куч ва воситаларни ишга солади. Натижада Полша давлатчилиги икки-уч кун ичида йўқ бўлади”, деди Патрушев.

Сикорский бу гапларни Киевда бўлиб ўтган Ялта Европа стратегияси конференсиясида айтган эди. Унинг таъкидлашича, Россия ҳужум қилса, Полша ва унинг иттифоқчилари Россияни тезда мағлуб этади.

“Агар Россия бизга ҳужум қилса ва биз бор кучимиз билан жавоб берсак, Россияни жуда тез мағлуб этамиз деб ўйлайман. Ҳаво кучлари бўйича биз Россиядан мутлоқ устунмиз”, деган эди Сикорский.

Кейинчалик Сикорский ўз сўзларига аниқлик киритди. У фақат Полша ва Россия ўртасидаги эмас, балки НАТО ва Россия ўртасидаги эҳтимолий низони назарда тутганини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Полша вазирининг бу гапларини “миядаги россияфобия” деб атади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия Калининград вилояти хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётганини билдирди.

“У ерда НАТО куч тўплаётгани ва ҳарбий фаоллик олиб бораётгани тушунарли ҳолат”, деди Дмитрий Песков.

Аввалроқ Полшанинг Ярославец шаҳри яқинидаги аҳоли пункти соҳилида Россия дрони топилгани ҳақида хабар берилганди. Дастлабки текширувларда бу Россияга тегишли ҳарбий дрон экани аниқланган.

Аммо Полша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги 31-июлдан бери мамлакат ҳаво ҳудудини бузиб кириш билан боғлиқ бирор ҳолат қайд этилмаганини маълум қилган. Полша ҳарбий вакилининг сўзларига кўра, дрон халқаро сувлардан оқиб келган бўлиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.