РМТИ директори Нью-Йоркда халқаро иқлим ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб берди
23-24 сентябрь кунлари Нью-Йоркдаги Гарвард клубида, БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида Низомий Ганжавий халқаро марказининг «Умумий келажак йўлида ишонч, ҳамкорлик ва глобал барқарорликни тиклаш» мавзусидаги 37-Олий даражали учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов иштирок этди. Тадбир […] майдонига айланди.

СТМТ директори Нью-Йоркда халқаро иқлим ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб берди
23-24 сентябрь кунлари Нью-Йоркдаги Гарвард клубида, БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида Низомий Ганжавий халқаро марказининг «Умумий келажак йўлида ишонч, ҳамкорлик ва глобал барқарорликни тиклаш» мавзусидаги 37-Олий даражали учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СТМТ) директори Элдор Арипов иштирок этди.
Учрашув майдончаси халқаро ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, иқлим ва энергетика хавфсизлиги, шунингдек, глобал бошқарувда рақамли технологияларнинг роли масалалари бўйича фикр алмашиш жойига айланди.
Глобал парчаланиш шароитида иқлим ҳамкорлигига бағишланган сессияда сўзга чиққан Э. Арипов кучайиб бораётган сиёсий тарқоқлик фонида иқлим ўзгариши давлатларнинг ўзаро боғлиқлигини янада яққолроқ кўрсатаётганини таъкидлади.
Унинг баҳолашича, иқлим муаммолари нафақат хавф-хатарлар манбаи, балки минтақавий ҳамкорлик учун муҳим рағбат ҳамдир. Бу, айниқса, сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиёда яққол намоён бўлмоқда.
У келтирган маълумотларга кўра, Марказий Осиёда ҳарорат дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар тез кўтарилмоқда, музликлар майдони эса сўнгги олтмиш йил ичида тахминан 30 фоизга қисқарди. Шу билан бирга, музликлар минтақа сув ресурсларининг қарийб 90 фоизини таъминлаб, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва миллионлаб одамларнинг ҳаёти боғлиқ бўлган Амударё ва Сирдарёни сув билан тўйинтиради.
Демографик ва иқтисодий ўсиш ресурсларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 100 миллион кишига етади. Сув, озиқ-овқат ва энергияга бўлган талаб ортиб боради, иқлим ўзгариши эса уларнинг мавжудлигини камроқ прогноз қилинадиган қилиб қўяди.
Ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида гапирар экан, Э. Арипов минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини қайд этди. У БМТ умумий иқлим мақсадларини белгилашини, бироқ уларга эришиш ҳар бир минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишни талаб қилишини тушунтирди. Бу, айниқса, муҳимдир, чунки бир нечта давлатларни қамраб олган дарё ҳавзалари ва музлик тизимларини сақлаб қолиш келишилган ҳаракатларсиз мумкин эмас.
СТМТ директорининг фикрича, минтақавий форматлар, айниқса, глобал мулоқот қийинлашган жойларда жуда зарур. Улар амалий ҳамкорликни сақлаб қолиш ва умумий вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.
Э. Арипов иқлимни молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. У халқаро кўмак кўп жиҳатдан алоҳида мамлакатлар ва лойиҳаларга йўналтирилганини, ваҳоланки иқлим хавфлари бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатга таъсир қилишини кўрсатиб ўтди.
Шу нуқтаи назардан, эксперт табиий ресурсларни сақлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма лойиҳалар учун молиявий воситаларни ривожлантиришга чақирди. Бундай ёндашув, унинг сўзларига кўра, умумий дарё ҳавзасининг ҳолатига боғлиқ бўлган барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш имконини беради.
СТМТ директори иқлим ўзгаришига мослашишни асосий устувор йўналишлардан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли энергетика ўтиши билан бир қаторда кундалик вазифаларни ҳал қилиш ҳам муҳимдир: деҳқонларни сув билан таъминлаш, аҳолини тошқин ва қурғоқчиликларга тайёрлаш, одамларнинг даромад манбаларини сақлаб қолиш.
Якунда Э. Арипов геосиёсий келишмовчиликлар халқаро ҳамкорликни фалаж қилмаслиги кераклигини таъкидлади. Сув ресурсларини бошқариш, экологик мониторинг ва иқлим ўзгаришига мослашиш барқарор мулоқот соҳалари бўлиб қолиши лозим.
Фахрий иштирокчилар қаторида Латвия ва Черногориянинг амалдаги президентлари, шунингдек, Болгария, Хорватия, Сербия, Словения, Финляндия, Босния ва Герцеговина, Австрия, Буюк Британия, Бельгия, Чехия, Руминия, Греция ва бошқа давлатларнинг собиқ президентлари ва бош вазирлари бор эди.
Очилиш маросимида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус, БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Цивилизациялар альянси Олий вакили Мигель Анхель Моратинос, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ижрочи котиби Татьяна Молчан, Хитой ҳукуматининг Европа ишлари бўйича собиқ махсус вакили У Хунбо қутлов сўзлари билан чиқиш қилдилар.

