БМТ Бош Ассамблеяси қитъаларнинг ўлчамлари аниқроқ кўрсатилган дунё харитасига ўтишни қўллаб-қувватлади
БМТ Бош Ассамблеяси қитъалар ҳажмини аниқроқ акс эттирадиган ва Африка пропорцияларини бузиб кўрсатмайдиган хариталардан фойдаланиш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади. Ташаббусни 164 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон қўллаб-қувватлади.

БМТ Бош Ассамблеяси 4 сентябрь куни қитъалар ҳажмини аниқроқ кўрсатадиган хариталардан фойдаланиш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади, деб хабар бермоқда БМТ Янгиликлар хизмати.
Ҳужжатни 164 та давлат, жумладан Ўзбекистон қўллаб-қувватлади. Фақат АҚШ қарши чиқди. Яна олтита давлат — Эстония, Грузия, Литва, Молдова, Сербия ва Украина бетараф қолди.
Анъанавий дунё хариталарини алмаштириш ташаббуси Того бошчилигидаги Африка давлатларидан чиқди.
Резолюция ҳукуматлар, мактаблар, халқаро ташкилотлар ва технологик компанияларга ҳудудларнинг нисбий ўлчамларини ҳисобга олиш муҳим бўлган ҳолларда Equal Earth проекциясидаги харитадан ва бошқа тенгдош хариталардан фойдаланишни тавсия этади. Шу билан бирга, ҳужжат тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, Меркатор проекциясини тақиқламайди.
Фламандлик картограф Герард Меркатор ўз проекциясини 1569 йилда денгиз навигацияси учун яратган. Унинг харитасидаги тўғри чизиқлар компас бўйича доимий йўналишларга мос келади ва денгизчилар улардан йўналишларни белгилаш учун фойдаланишлари мумкин эди.
Аммо йўналишларнинг сақланишига майдоннинг бузилиши эвазига эришилган. Ҳудуд экватордан қанчалик узоқда жойлашган бўлса, у шунчалик катталашган. Бундай харитада Гренландия Африка билан деярли тенг ўлчамда кўриниши мумкин, ваҳоланки Африка ундан тахминан 14 баравар катта. Шимолий Европа ва Шимолий Америка ҳам экватор яқинида жойлашган минтақаларга қараганда сезиларли даражада катталашган бўлиб чиқади.
Дастлабки навигация мақсадига қарамай, Меркатор проекцияси ҳанузгача таълим, медиа, рақамли ва расмий материалларда кенг қўлланилмоқда.
Резолюцияда қайд этилишича, бундай бузилишлар Африканинг «рамзий кичрайишига» ёрдам берган ва дунё ҳақидаги номутаносиб тасаввурни қўллаб-қувватлаган.
Того ташқи ишлар вазири Робер Дусси резолюция Меркатор проекциясига қарши қаратилмаганини таъкидлади. «Адолатли харита дунё географиясини ўзгартирмайди — у бизнинг дунёни кўриш тарзимизни ўзгартиради», — деди у.
АҚШ ушбу ташаббус сиёсий хусусиятга эга эканини билдирди ва уни «анча кенг кўламли ва радикал мафкуравий лойиҳа»нинг бир қисми деб атади.
Овоз беришда бетараф қолган Украина Африка ва Глобал Жанубнинг бошқа қисмларига таъсир кўрсатадиган тарихий бузилишларни тузатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди, бироқ Equal Earth-дан фойдаланилган айрим хариталарда Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудлари қандай тасвирланганига эътироз билдирди.
Европа Иттифоқи резолюцияни қўллаб-қувватлади, бироқ шунга ўхшаш хавотир билдирди. Иттифоқ номидан сўзга чиққан Ирландия бу чора фақат ҳудудларнинг нисбий ўлчамларига тегишли эканини ва суверенитет, ҳудудий мақом ёки халқаро миқёсда тан олинган чегаралар масалаларига ҳеч қандай дахли йўқлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи вакили, шунингдек, резолюцияни қўллаб-қувватлаш Equal Earth сайтида жойлаштирилган хариталарни автоматик равишда маъқуллашни англатмаслигини айтди.

