
**Реалликни тан олиш**
5 октябрь куни Москвада Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва форматидаги 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Иштирокчилар Афғонистондаги ва унинг атрофидаги вазиятни, жумладан, Кобул ва Исломобод ўртасидаги ихтилофни муҳокама қилдилар. Учрашув Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг махсус вакиллари ҳамда юқори лавозимли мулозимларини бирлаштирди. Меҳмон сифатида Беларус ва Миср делегациялари таклиф этилди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров йиғилишда Афғонистонни бошқараётган «Толибон» ҳаракати фаолияти ҳақида ижобий фикр билдирди.
«Толибон ҳаракати бошчилигида ҳокимият тепасига келган миллий ҳукумат мамлакат ҳудудини назорат остига олди ва тан олиш керакки, уни анча муваффақиятли бошқармоқда», — деди Россия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, толиблар Афғонистон ҳудудида террорчилик гуруҳларига қарши муросасиз кураш олиб бормоқда. «Юзлаб жангарилар йўқ қилинди, бир қатор шов-шувли террорчилик ҳаракатлари, жумладан, хорижий фуқаролар ва дипломатик ваколатхоналарга қарши қаратилган ҳаракатлар бартараф этилди», — дея Сергей Лавровнинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.
РФ ТИВ раҳбари Кобулнинг аксилтеррор имкониятларини мустаҳкамлаш умумий манфаатларга жавоб беришини таъкидлади ҳамда моддий-техник ва экспертлик кўмаги, шунингдек, махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги алоқалар зарурлигини қайд этди.
С. Лавровнинг фикрича, Ғарб давлатларининг санкциялари Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига тўсқинлик қила олмади. «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида ислом амирлигини халқаро молия тизимидан узиб қўйган, унинг миллий банк активларини ўзлаштириб олган Ғарб давлатларининг қаттиқ санкциявий босимига қарамай, Афғонистон иқтисодиёти ривожланишда давом этмоқда», — деди вазир.
У шунингдек, «Афғонистон расмийлари ТАПИ (Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон) магистрал газ қувурини ўз ичига олган минтақавий энергетика лойиҳаларига содиқлигини тасдиқлагани, солиқ ислоҳотини ўтказгани, коррупцияга қарши қонунчиликни мустаҳкамлагани ва саноатни жонлантирганини» кўрсатиб ўтди.
Сергей Лавров расмий маълумотларни келтирди, унга кўра Афғонистонда 170 га яқин янги ишлаб чиқариш корхоналари очилган. У мамлакатда «электр энергетикасини ривожлантиришнинг беш йиллик режаси ишлаб чиқилганини», Афғонистон дунёнинг 100 дан ортиқ давлати билан олиб бораётган «ташқи савдо ҳажми эса ўтган йили 14 миллиард долларгача ўсганини» қўшимча қилди.
РФ Ташқи ишлар вазири Россия Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттиришини ва навбатдаги партия яқин ойларда мамлакатга етиб боришини маълум қилди. «Россия ўз томонидан мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришни давом эттиради. Ушбу етказиб беришларнинг навбатдаги партияси яқин бир-икки ой ичида Афғонистонга етиб бориши керак», — деди Сергей Лавров.
Россия «Толибон» билан алоқаларни ҳаракат ҳокимиятга қайтишидан анча олдин қура бошлаган эди. Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва формати 2016 йилда йўлга қўйилган. Кейинчалик унга толиблар ҳам қўшилди. Улар 2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келганидан кейин ҳам ҳамкорлик давом этди, гарчи Россия узоқ вақт давомида улар томонидан тузилган ҳукуматни расман тан олмаган бўлса-да.
2024 йилда РФ ТИВ ва Адлия вазирлиги «Толибон»ни Россиянинг террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди. Ўшанда РФ Президенти Владимир Путин Афғонистоннинг амалдаги расмийлари билан муносабатларни «қандайдир тарзда қуриш керак», чунки айнан улар мамлакат ҳудудини назорат қилмоқда, деб баёнот берган эди. 2025 йил апрель ойида Олий суд Бош прокуратуранинг даъвосини қаноатлантирди ва ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарди. Ўша йилнинг июль ойида Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди ва ҳозиргача ушбу расмий дипломатик қадамни қўйган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

