Рақобат қўмитаси аксия ва чегирмаларни рақамли назорат қилишни таклиф этмоқда
Рақобат қўмитаси аксия ва чегирмалар шаффофлигини ошириш учун ҚР-код орқали нархларни текшириш, аксияларни олдиндан электрон рўйхатга олиш ва нархлар тарихини рақамлаштиришни таклиф қилмоқда. Бу таклифлар 58 та шохобчадаги 116 та аксияни ўрганишда 65 та камчилик аниқлангани ортидан тайёрланмоқда.

Рақобат қўмитаси аксия ва чегирмаларни рақамли тарзда назорат қилишни таклиф қилмоқда
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси аксия ҳамда чегирмалар устидан назоратни кучайтириш мақсадида янги рақамли механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Қўмита маълумотига кўра, маҳсулот ёнидаги ҚР-кодни сканерлаш орқали харидор унинг олдинги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдори ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади. Шунингдек, аксия шартларини улар бошланишидан олдин махсус электрон тизимда қайд этиш ва маҳсулотлар нархи ўзгариш тарихини рақамлаштириш таклиф этилмоқда. Бу чегирмаларнинг ҳақиқийлигини текшириш ҳамда нархлар ўзгаришини кузатиш имконини бериши кутилмоқда.
Қўмита ушбу таклифларнинг мақсади аксия ва чегирмалар шаффофлигини ошириш, харидорларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидламоқда.
Қўмита 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 116 та аксия ва чегирмани ўрганиб, 65 та муаммо ва камчиликни аниқлаган. Айрим ҳолатларда эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, аксия шартлари тўлиқ тушунтирилмаган ёки ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.
Ватер Лифе Минерал МЧЖнинг “Орзу ушалсин” аксиясида уч нафар иштирокчига жами 60 млн сўмлик соврин берилмаган. Ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор қабул қилинган ва кўрсатма берилган.
Наманганда фуқаро “Наманган автотеххизмат” МЧЖ аксиясида Чевролет Собалт автомобилини ютиб олган. Бироқ телефон рақами нотўғри терилгани сабабли у билан боғланишнинг имкони бўлмаган ва ютуқ бошқа шахсга берилган. Қўмита аралашувидан сўнг автомобил ҳақиқий ғолибга қайтарилган.
Шунингдек, Намангандаги Балдини дўконида 50 фоиз чегирма эълон қилинган бўлса-да, маҳсулотларда нархномалар бўлмаган.
ИДЕА дўконида эса 20, 50 ва 60 фоизлик чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, балки муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилган.
“Самарқанд Автотеххизмат” МЧЖнинг автомобил харид қилганларга маиший техника совға қилиш аксияси фақат Чевролет автомобили учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилган харидорларга татбиқ этилган. Муддатли тўлов асосида автомобил олганлар ва юридик шахслар аксияда иштирок эта олмаган. Қоидабузарликлар аниқлангач, корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Қашқадарё вилоятида ИДЕА брендининг смартфонларни бўлиб тўлаш асосида харид қилиш бўйича аксиялари рекламасида ҳам айрим маълумотлар кўрсатилмаган. Хусусан, аксиядаги маҳсулотлар сони, уларнинг олдинги 30 кун ичидаги энг паст нархлари ва “1+1” аксиясида қўшимча қайси маҳсулот берилиши аниқлаштирилмаган.
Қўмита маълумотларига кўра, аниқланган 65 та камчиликдан 59 таси — 90,7 фоизи ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилган. Тўртта тадбиркорлик субьектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган. Истеъмолчилар фойдасига қарийб 250 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қўмита ўрганишлар асосий муаммо қоидаларнинг йўқлигида эмас, балки уларга риоя этилишини ўз вақтида ва самарали назорат қилиш механизмлари етарли эмаслигида эканини кўрсатганини қайд этди.
Таклиф этилаётган рақамли механизмлар аксия ва чегирмалар ҳақидаги маълумотларни текширишни осонлаштириши, нархларнинг ўзгаришини кузатиш имконини бериши ва истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил июн ойида Рақобат қўмитаси аксия ва чегирмаларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритган эди.
Уларнинг айримлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 21-октабрдаги қарори билан тасдиқланди.
Хусусан, чегирмадан олдинги нарх, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно, сўнгги 30 кун давомида амалда бўлган энг паст нарх бўлиши белгиланди. Сотувчилар чегирма миқдори ва амал қилиш муддатини аниқ кўрсатиши, истеъмолчи талабига кўра эса аввалги нарх ҳақида маълумот бериши шарт.

