Рақобат қўмитаси онлайн савдо бўйича энг кўп шикоят тушаётган компанияларни маълум қилди
Рақобат қўмитаси тўққиз ойда келиб тушган 1,2 мингдан ортиқ шикоятни таҳлил қилиб, электрон тижоратдаги тизимли муаммоларни маълум қилди. Мурожаатларнинг аксарияти Узум ва Алиф хизматларига тўғри келади. Насия тизими, етказиб бериш ва пулларни қайтаришдаги камчиликлар асосий эътирозлардан бўлди.

Рақобат қўмитаси онлайн савдо бўйича энг кўп шикоят келаётган компанияларни эълон қилди
2026-йилнинг ўтган даврида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 19,2 фоизи ёки 1230 таси электрон тижорат соҳасига тўғри келган, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Соҳа бўйича жами мурожаатлар сони (чакана савдо ва умумий овқатланиш билан бирга) 6414 тани ташкил этган. Мурожаатларнинг катта қисми йирик маркетплейслар ҳамда муддатли тўлов (насия) хизматлари ҳиссасига тўғри келган.
Қўмита таҳлиллари соҳада бир қатор тизимли муаммолар борлигини кўрсатган. Хусусан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификация қилиш ва шаффофликни таъминлаш, электрон шартномалар ҳамда муддатли тўлов тизимларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, товарларни етказиб бериш ва пул маблағларини қайтариш механизмларидаги камчиликлар, онлайн платформаларнинг масъулияти ҳамда судгача низоларни ҳал этишнинг рақамли тизимлари етарли эмаслиги аниқланган.
Аризаларнинг 57,2 фоизи (704 та) истеъмолчилар фойдасига ҳал этилиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланган. 36,8 фоизи (453 та) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 2,7 фоизи (33 та) эса ваколатли бошқа органларга юборилган.
Идора маълумотига кўра, фуқаролар мурожаатлари асосида юзага келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

