«Қутқарув нарвонларимиз 72 метргача»: осмонўпар биноларда ёнғин қандай ўчирилади?
Тошкентда Нест Оне ва Пйрамид Товер каби осмонўпар бинолар сони ортиб бормоқда. Бироқ бундай баланд иншоотларнинг юқори қаватларида ёнғин содир бўлса, аҳоли қандай қутқарилади? ФВВ автонарвонлари 72 метргача етишини ҳисобга олсак, 40–50-қаватларда ёнғин қандай бартараф этилади ва хавфсизлик қай тарзда таъминланади? Бу ҳақда ФВВ вазир ўринбосари Хуршид Сотиев маълумот берди.

«Қутқарув нарвонларимиз 72 метргача»: осмонўпар биноларда ёнғин қандай ўчирилади?
ФВВ вазир ўринбосари Хуршид Сотиев Тўлқинбоевичнинг айтишича, Тошкентда 50 қават ва ундан баланд бинолар қурилиши давом этаётган бир пайтда, бундай иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
«Ундан баландликка мўлжалланган, масалан, 100 метрлик техникани жойлаштириш учун жуда кенг майдон керак бўлади. Шунинг учун баланд қаватли иморатларни қуришда етакчи хорижий давлатларнинг айнан ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатлари ўрганилиб, лойиҳа босқичида таклифларимиз киритилмоқда», - деди Хуршид Сотиев.
Унинг сўзларига кўра, баланд биноларда тутундан ҳимояланган зинапоялар ва ёнғинга қарши лифтлар бўлиши шарт. Бундан ташқари, спринклер ва дренчер каби автоматик ёнғин ўчириш тизимлари ҳам катта аҳамиятга эга. Спринклер тизимида ҳарорат белгиланган даражага етганда сув автоматик тарзда сепилади, дренчер тизими эса ёнғин чиққан ҳудуддаги бир нечта сув пуркагични бир вақтнинг ўзида ишга туширади.
«Қутқарувчиларимиз ўша қаватга етиб чиққунча маълум вақт кетади. Ёнғинда ҳар бир дақиқа ғанимат. Ички ёнғин ўчириш кранлари, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари, яъни ўт ўчиргичлар - буларнинг барчаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари етиб келгунча ишлайдиган тизимлардир», - деди вазир ўринбосари.
Сотиев, шунингдек, бундай биноларда хавфсизлик талабларига риоя қилиш аҳоли ва бинони бошқарувчи ташкилотлар учун ҳам муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, биноларнинг лойиҳасини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ўрнатилган муҳандислик тизимларига аралашиш мумкин эмас. Баланд биноларда газ тизимларидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларидан бири ҳисобланади.
Шаҳарсозлик соҳасида профилактика бошқармаси бош мутахассиси Азиз Абдуазизовнинг айтишича, баланд биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича хорижий тажрибалар ўрганилиб, уларни мамлакатимизда қўллаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Жанубий Кореянинг баланд биноларда ёнғинни ўчириш ҳамда аҳолини ҳимоя қилиш бўйича тажрибалари ўрганилмоқда.
«Бугунги кунда Нест Оне, Пйрамид Товер каби баланд қаватли биноларда ёнғин-қутқарув автомобиллари, яъни ёнғин ўчириш автонарвонлари максимал 72 метргача фуқароларни қутқариш имкониятига эга. Бинонинг маълум бир қисмида хавфсиз муҳит, яъни битта қаватни тўлиқ хавфсиз ҳудуд сифатида белгилаб олиш ва фавқулодда вазиятлар юз берганда фуқароларни ана шу ҳудудга эвакуация қилиш масаласи кўриб чиқилиб, бу тажриба ҳозирда амалда қўлланмоқда», - деди Азиз Абдуазизов.
Абдуазизовнинг сўзларига кўра, баланд биноларда автоматик ёнғин ўчириш тизимларини кенг жорий этиш ва уларнинг ҳолатини рақамли воситалар орқали реал вақт режимида назорат қилиш масаласига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бунда бинонинг турли нуқталарида ўрнатилган автоматик қурилмалардан келадиган хабарлар бир вақтнинг ўзида ёнғин-қутқарув ситуацион марказлари ва бинонинг диспетчерлик марказларига узатилади.
«Бу, биринчи навбатда, бинони тўлиқ қамраб олиб, унинг қайси нуқтасида қандай ҳолат бўлаётганини назорат қилишга хизмат қилади. Иккинчидан, бинонинг бирор нуқтасида юз берган ёнғин ёки фавқулодда вазиятни тезкор аниқлаш ва шу ҳудудда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш имконини беради», - деди мутахассис.

