Маҳаллий

Ноқонуний қурилган бинолар фақат суд қарори билан бузилиши мумкин - Қурилиш вазирлиги

Ноқонуний қурилган бинолар тегишли талабларга жавоб бермаса, уларни бузиш масаласи фақат суд тартибида ҳал этилади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакили Жавоҳир Эргашбоев Kun.uzъга маълум қилди.

Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, ноқонуний қурилган иншоотлар фақат суд қарори асосида бузилиши мумкин.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, агар ҳукумат амнистия эълон қилиб, объект тегишли рўйхатга киритилса, бино аввал инструментал-техник текширувдан ўтказилади. Бу текширувда объектнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳамда уни мустаҳкамлаш имконияти бор-йўқлиги аниқланади. Агар бино техник талабларга жавоб берса ва зарур камчиликлар бартараф этилса, у фойдаланишга қабул қилиниши мумкин. Шундан сўнг давлат далолатномаси расмийлаштирилиб, мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Вазирлик вакили таъкидлашича, талабларга жавоб бермайдиган биноларни бузиш ваколати бирор давлат органига тўғридан-тўғри берилмаган.

Жавоҳир Эргашбоев шундай деди: "Агарда бино ҳеч қандай талабга жавоб бермаса ёки бошқа сабабларга кўра қурилиши тўхтатилган объект бўлса, буни тўғридан-тўғри ҳеч қайси орган бузиш ваколатига эга эмас. Бу фақат суд тартиби орқали амалга оширилади".

**Эскроу тизими қурилиши тугалланмаган уйларга пул тўлаш хавфини камайтиради**

Қурилиш вазирлиги вакили суҳбат давомида янги эскроу тизими ҳақида ҳам маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, тизимнинг асосий мақсади – фуқароларнинг қурилаётган уйларга тўлаган маблағларини ҳимоя қилиш ва қурувчи томонидан мажбуриятлар бажарилмай қолиши хавфини камайтириш.

Янги тартибга кўра, объект бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилгандан кейин қурилишни бошлаш учун зарур маблағнинг белгиланган қисми махсус ҳисобрақамга жойлаштирилиши керак бўлади. Вазирлик вакили бу механизм орқали фуқароларнинг пул тўлаб, кейин қурилиши тугалланмаган ёки бошқа сабабларга кўра фойдаланишга топширилмаган уй билан муаммога дуч келишининг олдини олиш мақсад қилинганини айтди.

"Фуқаролар пулини тўлаб, алданиб қолиб кетаверадими, бино бузилиб кеца нима бўлади – мана шунинг олдини олиш мақсадида бу тизим яратилди", – деди у.

Унинг маълум қилишича, эскроу тизимини ишга тушириш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.