Маҳаллий

Қурилишдаги самарасиз назорат: Невпорт мисолида тизимли муаммога назар

Қурилиш соҳасидаги муаммолар сўнгги йилларда ватандошлар энг кўп шикоят қилаётган мавзулардан бирига айланди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида сўнгги хатловда 70 дан ортиқ объектда 173 та кўп қаватли уй билан боғлиқ қонунбузилишлар қайд этилган.

Қурилиш соҳасидаги назоратнинг самарасизлиги: Невпорт мисолида тизимли муаммолар таҳлили

Сўнгги йилларда қурилишдаги муаммолар Ўзбекистон фуқаролари томонидан энг кўп шикоят қилинадиган масалалардан бирига айланди. Фақатгина Тошкент шаҳрининг ўзида ўтказилган сўнгги текширувда 70 дан ортиқ объектда 173 та кўп қаватли уй билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланган.

Қурилишдаги қонунбузилишлар қандай қилиб бир неча йил давомида эътибордан четда қолмоқда? Қонунбузилиш аниқланганда фақат қурувчи жавобгар бўладими ёки назоратни ўз вақтида амалга оширмаган мансабдор шахслар ҳам жавобгарликка тортиладими? Бу саволлар Тошкент марказидаги Невпорт мажмуаси атрофидаги можаро фонида яна долзарб бўлиб қолди.

Kun.uz нашри қурилиш соҳасидаги назорат тизими, ноқонуний қурилган объектлар ва улардан хонадон сотиб олган фуқаролар ҳуқуқлари ҳақида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов, Қурилиш вазирлиги масъули Жавоҳир Эргашбоев, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули Жасур Каримов ҳамда Кадастр агентлиги вакили Сарвар Қодиров билан суҳбат уюштирди.

**Қурилишни ким назорат қилади?**

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъули Жавоҳир Эргашбоевнинг таъкидлашича, қурилиш жараёнида назорат бир неча босқичда амалга оширилади.

“Қурилишларни назорат қилиш бўйича ягона схема мавжуд. Қурилиш соҳасида ягона сиёсат юритувчи орган – Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бу борада биринчи навбатда ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш тартибини белгилайди. Қурилиши бошланган ёки қурилиш режалаштирилган ишлар тегишли тартибда рўйхатдан ўтганидан кейин қурилиш соҳасида назорат қилиш инспексиясининг доимий назоратида бўлади”, – дейди вазирлик вакили.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш объекти фойдаланишга қабул қилингунга қадар назорат остида бўлади. Қурилишнинг қайси босқичида қонунбузилишга йўл қўйилганига қараб масъул орган ҳам фарқ қилади. Масалан, ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлса, бу масалада Кадастр агентлиги чора кўради. Ерга ҳуқуқ мавжуд бўлса-ю, зарур лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш бошланган бўлса, бу ҳолат қурилиш соҳасидаги назорат органлари ваколатига киради.

Шуни таъкидлаш керакки, Kun.uz мазкур суҳбатга соҳада асосий ижрочи бўлган Қурилиш инспексияси вакилини ҳам таклиф қилган эди, аммо инспексия сўнгги дақиқаларда бундай мутахассис йўқлигини ва у яқинда ташкил этилган департамент таркибига ўтиб кетганини маълум қилди.

**Невпорт мисолида назорат нега ишламаган?**

Энг сўнгги шов-шувли мисоллардан бири – Яккасарой туманидаги Невпорт мажмуаси. Бу мажмуанинг 9 та блокидан 6 тасида қурилиш ишлари тегишли ҳужжатларсиз олиб борилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов бу ҳолатни назорат тизимидаги жиддий муаммо сифатида баҳолайди:

“Расмларда кўриб турибмиз, гўёки Бомбейга ўхшаб ётибди. Невпорт'нинг ичида вазирларнинг, ҳокимларнинг квартиралари бўлса, мен ишонаман бунга. Чунки етти йил давомида буни кўрмаслик мумкин эмас. Битта камбағал одам уйининг олдига битта будка ўрнатиб олса, бундан керак бўлса вазир ҳам хабар топади ва ўша куни олиб ташланади... Президент администрацияси раҳбари жуда тўғри таъкидлаб ўтди – бунинг орқасида “блатной”лар бор.

Шаҳардаги қурилишларда бунақанги ҳолатлар, менимча, оз эмас. Биз янги-янги биноларни оддий одам сифатида кўриб кўзимиз қувнайди, лекин бунинг орқасидаги жиноятлар, бунинг орқасида турган криминал, бунинг орқасида турган коррупсия ниҳоятда катта. Биз инсон ҳуқуқлари ташкилотларига жуда кўп мурожаатлар бўлади: “Уйга пул тўлаган эдим, уйимни бермади”, деган. Агар уни кавласангиз, орқасидан амалдорлар ҳам чиқиб келиши мумкин”.

**Тошкентда қанча ноқонуний қурилиш бор?**

Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули Жасур Каримовнинг маълум қилишича, сўнгги инвентаризация натижасида пойтахтда 70 дан ортиқ объектда 173 та кўп қаватли уй билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

“Тошкент шаҳрида охирги марта ўтказилган инвентаризация натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот берилган. Унда 70 дан ортиқ объектларда 173 тадан кўп қаватли уйлар ноқонуний қурилгани аниқланган. Лекин буларнинг ҳаммаси 100 фоиз ноқонуний қурилган дегани эмас. Мисол учун, 9 қаватга рухсат олган, ҳамма лойиҳа ҳужжатлари бор, лекин амалда 10 қават қилиб қўйганлари бор. Ёки иккита 9 қаватга рухсат олган ва шу ҳудудда яна беш қаватлик қўшимча қурилиш қилганлар бор. Ҳар хил ҳолатлар бор.

Мана шунақа ҳолатлар бўйича ҳокимият тегишли идоралар билан биргаликда инвентаризация қилиб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган. Киритилган таклифда объект эгаларига нисбатан кўриладиган чоралар билан бирга, бу объектларни шу ҳолга келгунга қадар назорат қилиши керак бўлган рухсат бериш ташкилоти ёки назорат органларига кўриладиган чоралар ҳам бор ва ечим юзасидан таклифлар билан киритилган. Мана, ҳозирги сиз айтган Невпорт ҳам ўшанинг ичида ўтирибди. Бу ерда қурилган 9 та блокдан фақат 3 тасига рухсат бор, 6 та блок ноқонуний қурилган. Бу хатлов жараёнида аниқланиб, рўйхатга қўшиб берилган”, – дейди ҳокимлик вакили.

**Ноқонуний бинолар бузиладими?**

Вазирлик вакилига кўра, агар объект бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, уни қонунийлаштириш имконияти бўлса, бино инструментал-техник текширувдан ўтказилади.

“Бу биноларнинг тақдири нима бўлади, деган масалага келсак, ҳукумат томонидан тўғридан тўғри бузилмайди. Яъни у бино сотилган бўлиши мумкин, қайсидир фуқаронинг маблағлари эвазига олинган бўлиши мумкин. Энди, агарда амнистия акти билан ўша бино рўйхатга тушадиган бўлса, у тегишли тартибда синовдан ўтказилади, яъни инструментал техник текширув дейилади, барча талабларга мос келиш ёки келмаслиги, у бинони мустаҳкамлаш имконияти бор-йўқлиги ўрганилади. Агар тегишли талабларга мос келса, талаблар бажарилганидан кейин фойдаланишга қабул қилиш ҳақида давлат далолатномаси шакллантирилади.

Агар бино ҳеч қанақа талабга жавоб бермаса, ёки бошқа сабабларга кўра қурилиш тўхтатилган объект бўлса, тегишли чоралар фақатгина суд орқали амалга оширилади”, – деди Жавоҳир Эргашбоев.

Суҳбат давомида ноқонуний қурилишларга йўл қўйганлар, бу ҳолатларга кўз юмган мансабдорларнинг ҳам жавобгарлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Расмий изоҳлар ва жамоатчилик фаолининг танқидлари билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишишингиз мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.