Қурилиш соҳасида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган
Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, 624 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 68,6 млрд сўмни ташкил этган.

Қурилиш соҳасида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланди
Сенатнинг 20-ялпи мажлисида қурилиш соҳасида коррупсия ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Парламент сўрови доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида коррупсиявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат архитектура назоратини кучайтириш ҳамда соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, коррупсиявий хавфларни функсионал баҳолаш якунларига кўра 95 та паст, 10 та ўрта ва 1 та юқори хавфли йўналиш аниқланган. Бундан ташқари, давлат архитектура назорати тадбирлари давомида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, 624 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 68,6 млрд сўмни ташкил этган.
Давлат харидлари соҳасида “Масофавий аудит” механизмидан фойдаланиш орқали 3 млрд сўмлик тендерда қонунбузилишнинг олди олинган, 869,5 млн сўмлик қонунбузилиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Мажлисда қурилиш соҳасида коррупсиявий хавфларни камайтиришда норматив талабларнинг аниқ ва тушунарли бўлиши масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Вазирлик томонидан 105 та эскирган норматив-техник ҳужжат қайта ишланган, 76 та ҳужжатнинг мажбурий мақоми бекор қилиниб, улар маълумот учун тавсиявий тоифага ўтказилган.
Муҳокама якунида вазирликка коррупсиявий хавфларни мунтазам қайта баҳолаш, юқори хавфли йўналишлар бўйича назорат механизмларини кучайтириш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигини таҳлил қилиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, архитектура назоратида аниқланган қонунбузилишларнинг тизимли сабабларини бартараф этиш ҳамда рақамли назорат механизмларининг самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланди.

