Қўрққан бола тарбияли бўладими? Буллинг қандай шаклланиши ҳақида
Болани кимдандир қўрқитиш уни яхши хулқли қилиб қўядими? Ёки аксинча, қўрқув уни зўравонликни қабул қилиш ёки куч ишлатишга ўргатадими? Психолог оилада бола тарбиясида қўрқувга таяниш уларнинг буллинг қурбони ёки буллер бўлиб қолишларига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Қўрққан бола тарбияли бўладими? Буллинг қандай шаклланади
Менталитетимизда бола кимдандир қўрқиши керак, деган қараш ҳануз учрайди. «Ўқитувчидан қўрқ», «отангдан қўрқ», «катталарнинг гапини икки қилма» каби тарбия усуллари кўпчиликка таниш. Бироқ болалар психологи Розалия Габдулҳакованинг айтишича, қўрқув тарбиянинг самарали воситаси эмас. Бола хатонинг ўзи нотўғри эканини англаб эмас, жазодан қочиш учун ўзини тута бошлайди.
«Болани қўрқитиш уни яхши хулқли қилиб қўймайди. Қўрқув болага “бу иш нотўғри” деган тушунчани эмас, “бу ишни қилсам, мени жазолашади” деган фикрни беради. Яъни бола ички масъулият билан эмас, жазодан қўрққани учун ўзини тута бошлайди. Тарбиянинг асосий маъноси уни қўрққанидан эмас, ҳурмат қилганидан ўз ихтиёри билан қилишига эришиш – тарбия дейилади»,
- дейди мутахассис.
Қўрқувга асосланган тарбиянинг оқибати фақат боланинг бўйсунувчан бўлиб қолиши билан тугамайди. Мутахассисга кўра, бундай муҳитда улғайган бола икки хил хулқ моделини шакллантириши мумкин.
«Агрессия билан қўрқитди дегани, демак бола хавф туғдириб бошқариляпти дегани. Катта одам бақиряпти, ерга уряпти, калтаклаяпти ва болани бошқаряпти. Қўрқувга асосланган тарбия болада икки хил хулқ моделини шакллантириши мумкин. Биттаси қўрқиб, ҳамма нарсага итоат қилиб, ўзини фикрини айта олмайдиган, иккинчиси шу агрессорнинг хулқини кўчирган бола. Яъни норози пайтида ўзи хоҳлаганини мажбурлаб, қўрқитиб эришадиган бола бўлиб шаклланишади. Боланинг темпераментига қараб шу хулқдан бири шаклланиши мумкин».
Яқинда 151-мактабда боланинг темир билагузук ютиши билан боғлиқ воқеа ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Умуман, буллинг энг кўп муҳокама қилинадиган маконлардан бири мактаб ҳисобланади.
– бирор шахсни мунтазам равишда қасддан камситиш, қўрқитиш, ҳақоратлаш ёки унга нисбатан жисмоний ва психологик босим ўтказиш. Буллинг мактаб, иш жойи ёки интернет муҳитида юз бериши мумкин.
– буллингни амалга ошираётган, яъни бошқаларга нисбатан мунтазам равишда босим, таҳдид ёки камситиш қилаётган шахс ҳисобланади.

