Қозоғистоннинг нефт захиралари қанчага етади?
“ҚазМунайГаз” компанияси раиси захираларни 785 миллион тоннага баҳолаб, бу неча йилга етишини маълум қилди.

Қозоғистоннинг нефт захиралари неча йилга етади?
Қозоғистоннинг “ҚазМунайГаз” миллий компанияси раиси Асхат Хасенов нефт захиралари қанча муддатга етишини маълум қилди. Бу ҳақда Тенгриневс хабар берди.
Хасеновнинг айтишича, тасдиқланган захиралар 785 миллион тоннани ташкил этади.
“Ҳисоб-китобларни соддалаштириш учун захираларни 800 миллион тоннагача яхлитлаймиз. Агар йилига 26 миллион тонна қазиб олинса, бу 45 йилдан ортиқ вақтни ташкил этади”, деди Хасенов.
У компания ўз улушига эга бўлган ҳар бир коннинг захираларини техник ва иқтисодий жиҳатдан баҳолашини таъкидлади. Бу захиралар давлат комиссияси томонидан ҳам тасдиқланади. Хасеновнинг сўзларига кўра, “ҚазМунайГаз” геология-қидирув ишларини давом эттирмоқда ва ресурс базасини тўлдирмоқда.
”Биз бурғилаймиз, нефт оқимларини аниқлаймиз ва уларни дарҳол захирага қўямиз. Бу жараён давом этади”, деди у.
Таъкидланишича, бу мамлакатнинг барча захиралари ҳақида эмас, балки “ҚазМунайГаз” захиралари ҳақида гап кетмоқда. Феврал ойида Геология қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Қанат Ерубаев фойдали қазилмалар давлат балансида 4 миллиард тоннадан ортиқ нефт захираси борлигини маълум қилганди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги қазиб олиш суръатлари сақланиб қолса, бу захиралар тахминан 50 йилга етади.

