Дунё

Қозоғистондаги энг йирик нефт заводларидан бирида ёнғин чиқди

Қозоғистондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бирида ёнғин содир бўлди.

Қозоғистоннинг Атирау нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин келиб чиққан. Бу корхона мамлакатдаги учта йирик нефтни қайта ишлаш заводидан бири бўлиб, унинг йиллик қуввати 5,5 миллион тоннани ташкил этади.

Корхона матбуот хизматининг хабар беришича, ёпиқ турдаги механик тозалаш иншоотининг тиндиргичи ичида нефт шлами (кукунсимон маҳсулот) ёниб кетган. Ҳодиса вақтида ҳудудда ҳеч қандай иш олиб борилмаган. Жабрланганлар йўқ, завод одатдаги тартибда фаолиятини давом эттирмоқда.

Интернетда воқеа жойидан олинган видеолар ҳам тарқалди. Кейинроқ Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин тўлиқ ўчирилганини маълум қилди. Уни бартараф этишга 65 нафар ходим ва 19 та махсус техника жалб этилган.

Маълумот учун, завод Россиянинг Астрахан вилояти билан чегарадош Атирау вилоятида жойлашган. Корхона 1945-йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, унга Қозоғистоннинг миллий нефт-газ компанияси — “ҚазМунайГас” эгалик қилади.

Ёнғин Қозоғистон Россия нефтини қайта ишлаб, ундан олинган бензин ва дизел ёқилғисининг 70 фоизини Москвага қайтаришга рози бўлгани ҳақидаги хабарлар фонида юз берди. Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов бу келишувни амалга ошириш учун йилига 850 минг тонна қувватга эга “Конденсат” заводидан фойдаланилишини маълум қилган.

Шунингдек, Қозоғистон ёқилғи танқислигининг иккинчи тўлқини кучайиб бораётган Россияга кичик ҳажмларда Аи-92 бензини етказиб бера бошлаган.

Россияда ёқилғи тақчиллиги Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводларига берилган янги зарбалар сериясидан сўнг янада кескинлашди. Август бошидан буён соҳадаги 10 дан ортиқ корхона ҳужумга учраган, уларнинг камида бештаси фаолиятини тўхтатган.

Ҳозирда Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми мавсумий меъёрдан қарийб учдан бирга паст. Йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоқларини кузатувчи “Бензонавт” сервиси маълумотига кўра, Россиядаги АЙҚШларнинг 78 фоизида Аи-95, 68 фоизида Аи-92 бензини, 75 фоизида эса дизел ёқилғиси мавжуд эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.