Қозоғистонда 14 ҳарбий ҳалок бўлган машғулотда қоидабузарликлар аниқланди
Сентябр ойида Манғистов вилоятида 14 нафар ҳарбий денгизга оқиб кетиб, ҳалок бўлганди. Фожиадан кейинги текширувда машғулотларни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қатор камчиликлар аниқланди.

Қозоғистонда 14 ҳарбий ҳалок бўлган машғулотдаги қоидабузарликлар фош этилди
Қозоғистон Мудофаа вазирлигида ҳарбий машғулотлар устидан назорат, хавфларни баҳолаш ҳамда фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб бериш борасида камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда бош вазир Олжас Бектеновнинг депутатлик сўровига берган жавобига таяниб, Тенгриневс хабар берди.
“Хусусан, хавфли омилларга етарлича эътибор қаратилмаган, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши устидан зарур назорат ўрнатилмаган. Шунингдек, машғулотларнинг хавфли босқичларини ўз вақтида тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилинмаган”, деди Бектенов.
Унинг айтишича, ҳозир Қозоғистон армиясида машғулотларни ҳаводан кузатиш учун дронлардан фойдаланилмоқда. Айрим бўлинмаларда ҳарбийларнинг қаердалиги ва соғлиғини кузатиш имконини берувчи махсус қурилмалар ҳам ишлатилмоқда. Бундан ташқари, ҳарбийлар об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида мунтазам маълумот олиш учун “Казгидромет” билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Текширув сентябр ойида Манғистов вилоятида ўтказилган машғулотларда 14 нафар ҳарбий ҳалок бўлганидан кейин бошланган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, об-ҳаво кескин ёмонлашиб, кучли шамол кўтарилгани сабабли ўқув-жанговар топшириқни бажараётган ҳарбийлар гуруҳи денгизга оқиб кетган.
Фожиадан кейин Мудофаа вазирлиги раҳбарияти алмаштирилди ва жиноят иши қўзғатилди. Иш доирасида Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони, унинг собиқ ўринбосари — штаб бошлиғи ва яна бир қанча мансабдор шахслар ҳибсга олинди.
Шунингдек, мамлакат ҳукумати қуролли кучларда ислоҳот ўтказилишини эълон қилди. Унга кўра, муддатли ҳарбий хизмат икки босқичли тизимга ўтказилади. Мудофаа вазирлиги жанговар ҳаракатларни машқ қилиш учун махсус симуляторларни ҳам жорий этмоқчи. Бу ҳарбийларнинг тайёргарлигини яхшилаш ва машғулотлар харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

