Қозоғистонда ҳарбийларнинг машғулотларда ҳалок бўлиши ортидан 13 та жиноят иши қўзғатилди
Қозоғистонда комиссия 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қонунбузарликларни аниқлади. Текширувнинг биринчи босқичи якунларига кўра, мамлакат Мудофаа вазирлигида 13 та жиноят иши қўзғатилди. Қосим-Жомарт Тоқаев барча айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Қозоғистонда ҳарбийлар машғулотларда ҳалок бўлганидан кейин 13 та жиноят иши қўзғатилди
Қозоғистон Мудофаа вазирлигидаги ишлар ҳолатини комплекс текшириш бўйича комиссия 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликларни аниқлади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг комиссия аъзолари билан ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича матбуот хизмати хабар берди.
«Терговнинг дастлабки натижалари ҳарбий тадбирларни режалаштиришда жиддий хатоликларга йўл қўйилгани ва собиқ раҳбарият томонидан тегишли назорат бўлмаганидан далолат беради», — дейилади хабарда.
Текширувнинг биринчи босқичи якунларига кўра, давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва Мудофаа вазирлиги ташкилотлари ҳамда бўлинмалари фаолиятидаги бошқа қоидабузарликлар эҳтимоли бўйича 13 та жиноят иши қўзғатилди.
Қўмондонлик таркибининг жиноий совуққонлиги фактлари бўйича судгача бўлган тергов ҳаракатлари давом этмоқда, беш нафар мансабдор шахс ҳибсга олинган. Қосим-Жомарт Тоқаев барча айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди ва масалани шахсий назоратига олди.
Қозоғистон Олий аудиторлик палатаси ҳам Мудофаа вазирлигининг 50 та объектида, жумладан 48 та ҳарбий қисмда текширув ўтказмоқда. Аудит доирасида Қуролли Кучлар фаолиятининг барча асосий йўналишларидаги ишлар ҳолатига баҳо берилади, дейилади хабарда.

