Қорақалпоғистонлик рассом Қидирбой Нажимовнинг ижодий ишлари Республика болалар кутубхонасида тақдим этилди
Республика болалар кутубхонасида қорақалпоғистонлик график рассом Қидирбой Нажимовга бағишланган кўргазма очилди. Экспозицияда унинг Савицкий музейи коллекциясидан ўрин олган китоблар учун иллюстрациялари ва граттаж техникасидаги ишлари тақдим этилган. Декабрь ойига қадар кўргазма доирасида маърузалар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтади.

Республика болалар кутубхонасида қорақалпоқ рассоми Қидирбай Нажимов ижодига бағишланган «Қидирбай Нажимов. „Қорақалпоғистон“ нашриёти китоб графикаси» кўргазмаси очилди.
У нашриётга 1963 йилда келган ва кейинчалик унинг бош рассомига айланган.
Фаолияти давомида Қидирбай Нажимов юзлаб китобларни безади — булар қорақалпоқ фольклори ва эпоси асарлари, халқ эртаклари, болалар адабиёти, шунингдек, хорижий ва шўро муаллифлари асарларининг таржималаридир.
Экспозицияда И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи тўпламидан олинган асл графика ишлари ва Республика болалар кутубхонаси фондидаги нашрлар намойиш этилган. Ташриф буюрувчилар асл нусхаларни улар яратилган китоблар билан ёнма-ён кўришлари мумкин.
Нажимовнинг ўзига хос услубларидан бири граттаж — мум ва туш билан қопланган юзага чизилган расм эди. Контрастли графика нафақат ифодали бадиий эффект берар, балки босмада қайта ишлаб чиқариш учун ҳам жуда мос келар эди.
Декабрь ойига қадар кўргазмага қорақалпоғистонлик рассомлар ва тадқиқотчилар иштирокидаги дастур ҳамроҳлик қилади. Тадбирлар доирасида болалар граттаж, трафарет ва босма техникалар, китоб дизайни, анимация ҳамда маҳаллий фольклор билан танишишлари мумкин бўлади.
Қорақалпоқ рассоми Наргиз Бердимуратова билан иштирокчилар трафаретлар ёрдамида композициялар яратадилар, рассом Ойгул Сарсен билан эса чизиқлар ва ранглар устида ишлайдилар. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг миниатюра ва китоб графикаси кафедраси талабалари болаларни босма техникалар билан таништирадилар.
Шунингдек, Савицкий музейи илмий ходими, санъатшунослик бўйича PhD Музаффар Ишановнинг замонавий қорақалпоқ визуал тилининг шаклланиши ҳақидаги маърузаси бўлиб ўтади. Goje Project ташаббуси жамоаси болалар учун ҳудуд фольклорига бағишланган эртакхонликлар ташкил этади.
Кўргазма Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Игорь Савицкий номидаги Давлат санъат музейи ҳамда Нукусдаги Республика болалар кутубхонаси кўмагида тайёрланди.
Кириш бепул. Айрим тадбирларда иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

