Нодирабегим Иброҳимова: «Таржима — сабр ва сўз танлаш азоби...»
Сунъий интеллектнинг бугунги даражаси таржима майдонига қулайлик олиб кирди, лекин шу билан бирга, жиддий касбий

Нодирабегим Иброҳимова: «Таржима — сабр ва сўз танлаш азоби...»
«Дунёлар жанги»ни ўқиётганингизда беихтиёр ўйга толасиз: сизни ўзига боғлаб олган нарса шунчаки фантастик воқеаларми ёки инсон руҳиятидаги пинҳоний кечинмаларми? Хориж адабиётининг ана шундай салмоқли асарларини ўз тилимизда маҳорат билан сўзлатган ижодкорлардан бири Нодирабегим Иброҳимовадир.
1989-йилда Фарғонада туғилган Нодирабегим Жаҳон тиллари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари ҳамда Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтини тамомлаган. Бугунги кунда у фалсафа фанлари доктори ва Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Адибанинг «Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт», «Мен, дадам ва Алсгеймер», «Оқдан қизилга» каби китоблари китобхонлар кўнглидан чуқур жой олган. Ижодий меҳнатлари эвазига у «Йилнинг энг яхши ёш ижодкори» (2017), Ёзувчилар уюшмасининг мукофоти (2021) ҳамда Огаҳий номидаги халқаро мукофот (2025) совриндори бўлди.
Шунингдек, у таржимон сифатида Виржиния Вулфнинг «Шахсий хона», «Маёқ сари», Франс Кафканинг «Миленага мактублар», Ҳерманн Ҳессенинг «Ғилдираклар остида», Кадзуо Ишигуронинг «Мени қўйиб юборма» ва Ҳерберт Уелснинг «Дунёлар жанги» каби ўндан ортиқ машҳур романларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Бугунги суҳбатимизда Нодирабегимнинг ижод олами, таржима машаққатлари ва ҳаётга, адабиётга бўлган қарашлари ҳақида атрофлича сўз юритамиз.
— Таржимонликдан ташқари наср ва назм йўналишида ҳам ижод қиласиз. Бошқа ёзувчининг матни билан узоқ ишлаш бирон асар ёзаётган пайтингизга таъсир қиладими?
— Таржима ва муаллифлик ижодим мен учун доим бир-бирини озиқлантирувчи, аммо шу билан бирга, ўзаро рақобатлашувчи икки йўналиш бўлиб келган. Агар босиб ўтилган йўлга назар ташласам, таржима аслида ижодкор сифатида шаклланишимда катта мактаб ва беминнат устоз вазифасини ўтаган. Таржимонликни 15 ёшимдан бошлаганман ва мутолаа, машқлар таъсирида 17 ёшимда мустақил ҳикоялар қоралашга ҳавас уйғонган. Табиийки, илк тажрибалар тақлиддан бошланган: масалан, О. Генри ижодига ихлос қўйиб, ҳикояларимда кутилмаган ечим, ўзига хос мантиқий бурилиш ясашга интилардим. Бошқа қаламкашларнинг матнини синчиклаб ўгириш орқали бадиият назокатини, пухта композиция қуришни, кулминация ва ечим мувозанатини, сўз танлаш масъулиятини амалда ўргандим.
Аммо бу жараённинг иккинчи, мураккаб томони ҳам бор. Ҳозирги кунга келиб таржима вақтимга тўлиқ эга чиқди: нашриётлар билан шартномавий ишлар дейсизми ёки кўнгил талаби билан қўлга олинган катта асарларми, уларнинг таъсирида шахсий ижод сояда қолмоқда. Таржима муаллифнинг руҳига кириб боришни, унинг дунёқараши билан яшашни талаб қиладиган руҳий масъулият. Мана шундай жараён эса наср ёки шеърият учун зарур бўлган сукунатни, хотиржам мушоҳада майдонига деярли вақт қолдирмайди. Таржималар тугаса, шеър ёзаман деб дилимга тугиб қўяману, таржималар ҳеч тугамайдигандек… Жаҳон адабиёти очилмаган қўриқ, қанча яхши асарларни умрим охиригача ўзбек тилига ўгиришга улгурсам дейман.
— «Соф таржима» деганда нимани тушунасиз? Вулф, Фолкнер, Кафка, Ницше каби услуби бир-биридан жуда фарқ қиладиган муаллифларнининг асарларини таржима қилиш жараёнида уларнинг ўзига хос овозини йўқотиб қўймаслик учун нималарга эътибор берасиз?
— «Соф таржима» мен учун муаллиф руҳияти, матн ритми ва услубининг бошқа бир тилда сохта безак ва таржимоннинг ўзгартиришларидан холи тарзда қайта туғилишидир. Ҳар бир муаллифнинг ички ритми бор. Виржиния Вулф матнларида онг оқими, лирик эврилишлар, фикрларнинг бир-бирига майин уланиб кетиши муҳим. Уилям Фолкнерда полифония, узун, вақт ва макон тушунчалари қоришиб кетган, гипнотик жумлалар устувор. Агар таржимон унинг бир саҳифалик гапларини ўзбек тилига мослаш баҳонасида беш-олтита ихчам гапга бўлиб ташласа, Фолкнернинг ўзига хос фожиавий ва оғир салмоғи йўқолади. Франс Кафка услуби эса аксинча ҳиссиёциз деталлар билан берилган абсурдлик. Бу ерда бадиийлаштираман деб ҳаддан ташқари ҳиссиётли сифатлар ёки ранг-баранг ўзбекона ибораларни тиқиштириш муаллиф яратган совуқ карахтликни бузади. Фридрих Ницшеда эса афоризмга мойиллик, оҳангдорлик ва шиддатли қувват бор. Уни таржима қилиш фикр зарбини узатиш демакдир.
Таржимон луғат бойлигини кўрсатишга эмас, муаллифнинг сўз танлаш мезонларига бўйсуниши шарт. Муаллифга содиқлик ва ўзбек тилида табиийлик ўртасидаги чегара эса кўпинча тилнинг ички табиатида синалади. Агар сиз матнни ҳаддан ташқари ўзбекчалаштириб, масалан, ХИХ аср инглиз ёки немис қишлоғидаги қаҳрамон тилига тўлиқ ўзбекча ибораларни, халқ мақолларини ёки миллий бўёқдор жумлаларни киритиб юборсангиз, бу энди таржима бўлмай қолади, қаҳрамон ўзининг тарихий ва маданий заминидан узилиб, сохта қиёфага киради. Бу нуқтада чегара бузилади ва иш асарни қайта ёзиш майдонига ўтиб кетади. Таржимон тилнинг табиий грамматик оқими доирасидагина эркиндир. Яъни, рус ёки инглиз тилининг жумла тузилишини кўр-кўрона ўзбекчага кўчирмаслик, жумланинг равон, ифодали ва тушунарли янграшини таъминлаш эркинликнинг ҳудуди. Аммо муаллифнинг фикрини соддалаштириш, унинг мураккаб метафорасини осонлаштириб бериш ёки матнга ўз қарашларини қўшиш хиёнат. Қачонки таржимон муаллифнинг тилидан қониқмай, уни тўғрилашга тушса; қачонки матнда ёзувчининг эмас, таржимоннинг феъли, дунёқараши ва шахсий услуби бўртиб чиқа бошласа ана шу нуқтада таржима тугайди ва бегона бир матн юзага келади. Яхши таржимон кўринмас ойна каби бўлиши лозим: у орқали китобхон таржимоннинг маҳоратини эмас, муаллиф яратган манзарани бор бўй-басти билан кўра олиши керак.
— Бугун технология ривожланган замонда сунъий интеллект матнни бир неча сонияда таржима қилиб бераяпти: вариантлар таклиф қилади, услубни ҳам мослайди. Бу борада ёш таржимонлар тайёр натижага суяниб қолиши мумкинми? Қачон сунъий интеллект таржимонга ёрдамчи, қачон эса унинг ўрнига ишлай бошлайди?
— Сунъий интеллектнинг бугунги даражаси таржима майдонига қулайлик олиб кирди, лекин шу билан бирга, жиддий касбий хатарларни ҳам пайдо қилди. Ёш таржимонларнинг тайёр натижага суяниб қолиш хавфи нафақат мавжуд, балки бу ҳозирги кунда очиқ кузатилаётган жараён. Сунъий интеллект таклиф қилаётган матн сиртдан қараганда силлиқ, грамматик жиҳатдан бенуқсон ва равон кўринади. Бу силлиқлик ёш қаламкашда алдамчи хотиржамлик уйғотади. Аммо айнан шу ерда катта йўқотиш бошланади: муаллифнинг услуби, руҳияти тушиб қолади. Сунъий интеллект тилни мантиқий-статистик алгоритмлар асосида йиғади, таржима эса мантиқдан ташқари ҳис-туйғу, маданий хотира ва ҳаяжон талаб қилади. Тайёр вариантни олиб, фақат косметик таҳрир қилишга одатланган таржимон аста-секин матннинг ички табиатини ҳис қилиш, сўз танлаш азобини тортиш ва ўз касбий интуициясини чархлаш имкониятидан маҳрум бўлади. Сунъий интеллект ёрдамчи, виртуал луғат ва ассистент. Агар ундан синонимлар спектрини кенгайтириш, нотаниш идиоманинг келиб чиқиш илдизини қидириш, тарихий ёки тор ихтисосликка оид деталларни тезкор текшириш ёки кўз илғамаган имло хатолари учун фойдаланилса, у жараённи тезлаштиради. Бу ҳолатда ташаббус ҳам, якуний бадиий қарор ҳам таржимоннинг қўлида қолади. Санъатни фақат инсон юраги илғай олади.
— Тил билишнинг ўзи яхши таржимон бўлиш учун етарлими? Яхши таржимонни ва оддий матн ўгирувчи ўртасидаги фарқ нимада?
— Тил билиш — таржимонликнинг иш қуроли холос. Фақат хорижий тилни мукаммал билиш кишини таржимон қилиб қўймайди, худди луғатни ёд олган одам ёзувчи бўлиб қолмаганидек. Таржима санъатида иккита тил иштирок этади ва кўпинча катта оқсоқлик айнан ўз она тилини чуқур ҳис қилмасликдан келиб чиқади. Чет тилини С2 даражасида билган мутахассис ўзбек тилининг назокатини, синонимлар бойлигини, мақол ва маталларининг ўрнини, миллий оҳангини тушунмаса, у ҳеч қачон яхши бадиий таржимон бўлолмайди. Оддий матн ўгирувчи сўзларни ва гапларни таржима қилади. Ҳақиқий таржимон эса гаплар ортидаги сукунатни, муаллифнинг киноясини, қаҳрамоннинг ички драматизмини ва ёзилмаган маъноларни кўра олади. У муаллиф яшаган даврни, фалсафани, асардаги рамзларни ҳис қилади. Оддий таржимада жумлалар шунчаки грамматик қоидага бўйсунади. Тажрибали таржимонда эса матн мусиқага айланади. Энг оғриқли нуқта ёш таржимонлар ўзбек мумтоз ва замонавий насрини кам ўқишлари. Тил захираси тор бўлгани учун улар чет тилидаги ибораларни тўғридан-тўғри калка қилиб олишга, тилимизга ёт бўлган сунъий конструксияларни яратишга мойил бўлиб қолишмоқда. Таржима — сабр ва сўз танлаш азоби демак. Бугунги тезкор замонда кўпчилик ёшлар бир сўзнинг муносиб муқобилини топиш учун кунлаб изланишдан, луғатлар титишдан қочади. Сунъий интеллект ёки тайёр таржима дастурлари тақдим этган биринчи вариантга қаноат қилиб кетиш ҳолатлари жуда кўп. Бадиий асар фақат сюжетидан иборат эмас. Унда мифология, дин, санъат тарихи, фалсафа ва психология қоришиб кетган бўлади. Агар таржимоннинг умумий билим доираси тор бўлса, у муаллифнинг нозик ишораларини пайқамай, матнни шунчаки юзаки баён қилиб қўяди.
— Таржимонликда яна бир оғриқли масала, меҳнатнинг қадрланиши. Таржимоннинг меҳнат ҳақи, муаллифлик ҳуқуқи, нашриёт билан муносабати каби масалалар сизга бугун қай даражада муаммоли кўринади?
— Сўнгги йилларда хусусий нашриётлар кўпайиб, китоб бозори жонлангандек кўринса-да, таржимон меҳнатининг ҳуқуқий ва иқтисодий қадри ҳали ҳам тўлақонли шаклланмаган. Бадиий таржима — юқори интеллектуал меҳнат, ойлаб, баъзан йиллаб диққат ва соғлиқ талаб қиладиган оғир жараён. Афсуски, бизда ҳалигача таржимонга тўланадиган ҳақ унинг асарга сарфлаган вақти ва руҳий машаққатини қопламайди. Қонунан таржимон яратилган ҳосила асарнинг муаллифи ҳисобланади. Аммо амалиётда таржимон ҳамон китоб муқоваси ёки титул варағида номи кичкина ҳарфлар билангина эсланадиган техник ходим мақомида қолмоқда. Китобнинг қайта нашрларидан таржимонга роялти (фоиз) тўлаш тизими деярли ишламайди, кўпчилик нашриётлар бир марталик гонорар билан муаллифлик ҳуқуқини бутунлай сотиб олишга интилади. Китоб ўн минглаб нусхада қайта сотилса ҳам, таржимон илк олган пули билан қолиб кетаверади. Қачонки нашриётлар таржимонни шунчаки буюртмага матн ўгирувчи эмас, китобнинг тенг ҳуқуқли ҳаммуаллифи сифатида кўришни бошласа, бозорда сифатли таржима ва чаласавод таржиманинг нархи кескин фарқлансагина соҳада сифат портлаши бўлади. Таржимон меҳнати ортидан муносиб яшай оладиган даражага чиқмас экан, бадиий таржима касб эмас, фақатгина фидойиларнинг кўнгил талаби бўлиб қолаверади. Масалан, менинг доимий ишим – таржимонлик. Уйда кун давомида ўтириб фақат шу билан машғул бўламан. Азбаройи сифатли чиқиши учун бошқа жойда ишламайман, чалғимайман. Албатта, шунга яраша ойлик даромад бўлишини истайман, нашриётлар таржимани қабул қилиб олгач, 1-2 ой ўтиб, баъзан йил ўтиб гонорарни тўлаб беради. Ҳартугул, гонорарлар олдинги йилларга нисбатан анча яхши, китоблар сотуви ошган. Халқ қанча кўп китоб сотиб олса, таржимон ҳам шунча яхши даромад кўради.
— Ўндан ортиқ асар таржима қилгансиз. Улар орасида сизга энг қийин бўлгани қайси? Бугун ўша асарга яна қайтиб таржима қилиш имкони бўлса, ниманидир бошқача қилармидингиз?
— Таржималарим орасида энг мураккаби Герберт Уеллснинг «Дунёлар жанги» романи бўлган. Кўпчилик илмий фантастикани шунчаки, шиддатли воқеалар ривожидан иборат деб ўйлайди. Аслида эса бу жанр таржимондан катта луғавий ва илмий тайёргарликни талаб қилади. Уеллс биология ва табиий фанларни чуқур билган мутафаккир эди. Шу сабабли романда ўша давр илм-фанига хос махсус атамалар, физик ва астрономик тавсифлар, айниқса, флора ва фаунага оид ноёб номлар учрайди. Айнан шу асар устида ишлаганимда ўзбек тилининг табиий фанлар, ботаника ва зоологияга оид ихтисослашган луғат базаси бадиий адабиёт контекстида нақадар суст ва тарқоқ эканига тўқнаш келдим. Кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот оламига, биологик тузилмаларга тегишли сўзлар ё луғатларимизда умуман йўқ эди ёки фақат илмий термин сифатида берилган бўлиб, уларни бадиий жумланинг оқимига сингдириш оғир кечган. Ҳар бир деталнинг ўзбекча муқобилини топиш, лозим бўлганда маъно ва руҳни сақлаган ҳолда табиий янги бирикмалар ҳосил қилиш катта меҳнат дегани. Таржима шундай чексиз жараёнки, орадан йиллар ўтиб қачонлардир ўгирган асарингизга қайцангиз, унга бутунлай янги кўз билан қарайсиз. Ҳалигача ҳар бир таржима китобимни қўлга олсам, қайта ўзгартириш керак бўлган жумлаларга тўқнашаман.
— Таржима қилган асарларингиз орасида ўзингизга ҳам ниманидир ўргатган, дунёқарашингизга таъсир қилгани борми?
— Таржима қилган ҳар бир асарим менда маълум из қолдирган, аммо дунёқарашимни ўзгартириб, нафақат ижодкор, балки она сифатида ҳам ҳаётимга бевосита таъсир қилган китоб бу Ҳерман Ҳессенинг «Ғилдираклар остида» романи бўлган. Асар устида ишлаш жараёни мен учун фарзандларимга бўлган муносабатимни тафтиш қилиш фурсати бўлди. Ҳессе жамиятнинг, таълим тизимининг ва айниқса ота-оналарнинг худбин орзулари ёш, нозик руҳиятни қандай қилиб тегирмон тошидек янчиб ташлашини бешафқат даражада кўрсатиб берган. Қаҳрамон Ҳанснинг фожиаси фақат аъло баҳолар, тинимсиз муваффақиятлар ва катталарнинг юксак талаблари қурбони бўлган минглаб болаларнинг фожиасидир. Айнан шу китобни таржима қилганимдан сўнг болаларимга нисбатан тарбия услубимни, уларга қўядиган талабларимни қайта кўриб чиқдим. Фарзандни туну кун фақат китоб ўқишга, юқори натижаларга, тинимсиз мусобақага ундаш, уларнинг елкасига ота-онанинг амалга ошмаган армонларини юк қилиб ортиш хавфли хато эканини англаб етдим. Болага муваффақиятдан кўра кўпроқ яшаш қувончи, эркин нафас олиш ва шунчаки бола бўлиш ҳуқуқи кераклигини тушундим. Болаларимга хаёл суриш, дам олиш, зерикиш ва ўз хоббилари билан машғул бўлиш учун кўпроқ бўш вақт қолдирадиган бўлдим. Улар билан кўпроқ табиат қўйнига чиқиш, саёҳат қилиш, маданий жойларга, кўргазма ва театрларга боришга урғу бераяпман. Энг муҳими, уларга «фалончи бўлишинг керак» деган босимни юкламайман. Келажакда қайси касбни танлаш, ҳаётда ўз ўрнини қандай топиш борасида уларга эркинлик беришга қарор қилганман. Ҳессе менга бир ҳақиқатни ўргатди: бола биз шакллантириб, ўз қолипимизга солишимиз керак бўлган пластилин эмас, у парваришга муҳтож, ўз вақтида очилиши лозим бўлган нозик ниҳол. «Ғилдираклар остида» китоби фарзандларимнинг ҳаётини тизим ва кутилмалар ғилдираги остида қолиб кетишидан асраб қолишга кўмаклашган катта дарс бўлди.
— Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

