“Америкада курьер бўлиб ишладим”. Улуғбек Қодиров нима сабабдан Ўзбекистондан кетгани ва ҳозирда тўйларда қўшиқ куйлаётгани ҳақида

**Улуғбек Қодиров: Америкадаги курьерликдан тўйлардаги қўшиқларгача – актёрнинг Ўзбекистонга қайтиши ва янги ҳаёти ҳақида**
Узоқ йиллар давомида мухлислар соғинган актёр Улуғбек Қодиров АҚШдан Ўзбекистонга қайтганидан сўнг илк бор интервю берди. Суҳбат давомида ижодкор оиласини оммага кўрсатмаслиги сабаби, мусофирчиликдаги ҳаёти, етказиб бериш хизматида ишлагани ҳамда тўйларда қўшиқ куйлаётгани ҳақида сўзлаб берди.
**Қайси актрисалар билан ижодий жуфтлик муваффақият келтирган?**
Улуғбек Қодиров ижодининг энг гуллаган даврида деярли барча актрисалар у билан партнёр бўлиб рол ижро этишга тайёр бўлган. Актёрнинг ўзи учун қайси актриса билан рол ўйнаш қулай ва унга қайси тандем катта муваффақият олиб келган?
— Кўча-кўйда одамлардан асосан “Телба” филмига мақтов кўп эшитаман. Лекин ундан-да кўпини “Фотима ва Зуҳра” филмидан Шаҳзода билан ижро этган ролимдан эшитганман. Дилноза Кубаева профессионал актриса, курсдошим Гулчеҳра Эшонқулова бор, Зилола Мусаева хонанда бўлгани билан “Фотима ва Зуҳра”да маромига етказиб ўйнаган. Ҳатто филмда яшаган. Лола Йўлдошевада ҳам туғма қобилият бор, ролга киришиб кетади. Шу тўртта актриса билан ҳозир ҳам маза қилиб рол ижро эта оламан деб ўйлайман. Лекин Зилола билан жуфтлигимиз кўпроқ яхши чиқарди, дейди актёр.
**Нима учун оиласини оммага кўрсатмайди?**
Шоу-бизнес вакиллари орасида Улуғбек Қодировни қаттиққўл оила бошлиғи деб таърифлашади. Актёр оиласини оммага кўрсатмаслигининг сабаби ҳам шунданми?
— Оила аъзолари кимгадир қулоқ солиши керак-ку, ахир. Қаттиққўл деганда болаларни уриб, қамаб қўядиган ёмон ота эмасман, албатта. Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Раҳматли отам ҳам самимий, меҳрибон одам бўлган. Оиламни нега оммага таништирмаганимга келсак — буни хоҳламайман. Фарзандларим тарбиясида менинг ролим 60 фоиз. Ҳаётда пишсин, ўргансин деб кўп нарсани чекламайман ҳам, дейди у.
**Нима сабабдан Америкага кетган эди?**
Улуғбек Қодиров ижодининг энг чўққисига чиққан пайтда фаолиятида танаффус қилиб, Америкага кетди ва у ерда қарийб 4 йил яшади. Бунинг сабаби нима эди?
— Ҳеч ким, ҳеч нарса мени Америкага кетишга мажбур қилмаган. Одамлар негадир мени бутунлай кўчиб кетди деб ўйлашди. Мен ёшлигимдан саёҳат қилишни яхши кўраман. Унгача ҳам океан ортига кўп бориб келардим. Агар у ерда қолиб, яшашни орзу қилганимда бошиданоқ шундай қилган бўлардим.
Мен қизиқ бир пайтга тушиб қолдим. Асосий мақсадим Америкада узоқроқ саёҳат қилиш эди. Ҳар сафар борганимда оиламга “Сизларни ҳам олиб бораман, сизларга ҳам кўрсатаман”, деб ваъда берардим. Бўйдоқлик пайтларимда Универсал Паркъда оиласи ва фарзандлари билан сайр қилиб юрганларга ҳавас қилардим. “Худойим, мен ҳам фарзандларим билан шу ерга келай”, деб ният қилардим. Ниятимга ҳам етдим. Аммо бу сафарим карантин даврига тўғри келиб қолди ва ўша ерда қолиб кетдим. Аслида саёҳат учун борган эдим. Вазият тақозо қилгани учун машина олдим, ўзбек таниш-билишларим ёрдамида ижарага уй ҳам топдим, дейди Улуғбек Қодиров.
**"Америкада етказиб берувчи бўлиб ишладим"**
— Америкада қарийб 4 йил яшадим. Ростини айцам, етказиб берувчи бўлиб ишладим. Пицсада ишлашни хоҳламадим. Гарчи у ерда бундан яхши пул топиш мумкин бўлса-да, бу ишни қилишни истамадим. Турли кастингларда ҳам қатнашиб кўрдим. Аммо бунинг учун инглиз тилини жуда яхши билиш керак экан. Кино орқали тарбиявий маъно етказиш мен учун муҳим. Балки, мусулмон бўлганим ҳам ватанимга қайтиш қароримга таъсир қилгандир. Ҳаётимнинг бу қисми мен учун жуда қадрли, дейди актёр.
**"Бизда 40 ёшдан кейин актёрларга рол йўқ"**
— Актёрларнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бор: Америкада кўплаб актёрлар 40 ёшдан кейин ҳам машҳурликка эришади. Ўзбекистонда эса актёр шу ёшга келганда роллар камайиб кетади. Кўпи билан ота, тоға ёки амаки роллари таклиф қилинади. Чунки ссенарий ҳам, қаҳрамон ҳам кам. Асосан ёшларнинг севги-муҳаббати ҳақида филмлар суратга олинади. Натижада қолган актёрлар четда қолиб кетади.
Мен аслида бундай танаффус қилишни режалаштирмаган эдим. Аммо вазият шунга тўғри келди. Пандемия сабабли танаффусим янада чўзилди. Кейин ватанимга келиб-кетдим. Охир-оқибат кино соғинчи ва ватан соғинчи билан Ўзбекистонга қайтдим. Келганимдан сўнг “Ўзбек арслони” филмига кастинг топширдим ва ундан ўтдим. Филм сентябр ойидан кинотеатрларда намойиш этилади. Бу уруш ҳақидаги филм. Унда фарғоналик партизан ролини ижро этдим, дейди у.
**"Голливуддан таклиф тушса ҳам рад қилишим мумкин"**
— Менга томошабин сифатида ҳоррор, триллер жанри ёқади. Ҳозир онлайн платформалар учун ҳам кинолар суратга олиняпти. Менга шу жанрдан таклиф тушса, салбий қаҳрамонни ижро этишга ҳам розилик бераман. Очиқ саҳналарига эса аралашмайман. Ҳатто Нетфлихъда ҳам кино суратга олишнинг шундай талаблари борки, бу бизнинг тарбиямизга тўғри келмайди. Голливуднинг катта кинокомпанияси таклиф билан чиқса ҳам очиқ саҳналар бўлса, шахсан мен йўқ деб жавоб бераман, дейди актёр.
**"Аслида хонанда бўлишни хоҳлаганман"**
— Қўшиқ айтиш ҳоббийим. Аслида санъатга актёр бўламан деб келмаганман. Консерваторияга борганимда мусиқий билимим йўқлиги сабаб ортимга қайтариб юборишган. Шундан кейингина санъат институтига топширганман. Кино, театр, сёмкалар билан бўлиб, бу хоҳишим қалбимнинг бир чеккасида қолиб кетганди. Мени шунчаки меҳмон сифатида тўйларга таклиф қилишади. Келин-куёвни икки оғиз табриклаб қўйганимда, тўй эгалари чўнтагимга пул солишади.
Шеър айтишни хуш кўрмайман, эвазига нимадир қилиб мен ҳам жавоб қайтаришим керак-ку. Шунинг учун профессионал ижодкорлар билан студияда қўшиқ ёздим. Ҳозир ҳам хонандаликка даъво қилмайман, мен ҳали ҳам актёрман. Ҳозир нафақат Тошкент ва вилоятларда, қўшни давлатлардан ҳам хизмат таклифлари тушяпти, дейди Улуғбек Қодиров.

