“Қўрқитиб қўймоқчи эдим” – Наманганда ёлланма қотил орқали эрини ўлдирмоқчи бўлган аёл ва унинг жазмани қамалди
Қотиллик саҳналаштирилиб, шартли ёлланма қотил ҳолатни тасвирга олган ҳолда буюртмачиларга кўрсатган. Эрининг ўлганига ишонган аёл ва унинг жазмани шартли ёлланма қотилга 5,5 минг доллар бераётганда қўлга олинган. Аёл судда эрини ўлдирмоқчи эмас, қўрқитиб қўймоқчи бўлганини айтган.

“Қўрқитиб қўймоқчи эдим” – Наманганда ёлланма қотил орқали эрини ўлдиртирмоқчи бўлган аёл ва унинг жазмани қамалди
Наманганда ёлланма қотил ёрдамида эрини ўлдиртирмоқчи бўлган 37 ёшли аёл ҳамда унинг 34 ёшли жазмани жиноий жавобгарликка тортилди.
Суд қарорига кўра, Н.М. исмли аёл жабрланувчи М.Б. билан бирга яшаб келган. Уларнинг бир нафар фарзанди бор эди.
М.Б. турмуш ўртоғи билан судланувчи Х.Т. ўртасидаги ишқий алоқадан хабар топиб, рашк қила бошлаган. Шу сабаб аёл М.B.ni ўлдириш учун ёлланма қотил излаган. У бу масалада фуқаро Т.Q.ga мурожаат қилиб, бунинг эвазига 6 минг доллар беришини айтган.
Аёлнинг “киллер топиб бериш” ҳақидаги илтимосидан кейин Т.Қ. ИИБга вазият юзасидан ариза билан мурожаат қилган. Ариза асосида 2026-йил 4-март куни ДХХ, вилоят ИИБ ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида М.B.ning ўлдирилгани саҳналаштирилган. Кейин шартли ёлланма қотил ҳолатни видеога олиб, буюртмачиларга кўрсатган. Аёл ва унинг жазмани шартли ёлланма қотилга 5 500 доллар берган пайтда қўлга олинган.
ИИВ мазкур жиноят иши бўйича эълон қилган видеолавҳада буюртмачиларнинг Телеграм орқали шартли қотил билан суҳбатлашгани ҳам акс этган.
Унда аёл турмуш ўртоғи Собалт машинасида ёлғиз юришини, уни “Андижон–Наманган” йўлидаги овлоқ жойда ўлдириб, машинасини ёқиб юбориш кераклигини, бунинг эвазига 6 минг доллар беришини айтган.
Н.М. судда айбига қисман иқрорлик билдирган ва аслида турмуш ўртоғини қўрқитиб қўймоқчи бўлганини маълум қилган.
Муттасил калтаклагани сабабли қўрқитиб қўйиш учун қаттиқроқ уриш режаси бўлган. Қўшним фолбин эди, Т.Қ. билан таништирди. Унга эримни қўрқитиб қўйиш ҳақида айтганимизда Т.Қ. агар уриб-дўппосласа ИИБга ариза қилиши ва жиноят фош бўлиши мумкинлигини, йўқ қилиб юборса изи чиқмаслигини маълум қилди. Бизни қотиллик жинояти содир қилишга Т.Қ. ундади. М.B.ni ўлдириб юбориш ҳақидаги таклифни дастлаб Т.Қ. берди. У билан 6 500 долларга келишдик. Дастлаб Х.Т. минг доллар берди.

