Лайфстайл

“Қизимни ертўлада сақлар эмишман”. Етимликда улғайган, “бирров”дан 1000 доллар топадиган, машҳур ҳамкасби ИИБга шикоят қилган Райҳон Ғаниева 48 ёшда (фото, видео)

“Қизимни ертўлада сақлар эмишман”. Етим улғайган, “бирров”ига 1000 доллар оладиган, машҳур ҳамкасби ИИБга шикоят қилган Райҳон Ғаниева 48 ёшда (фото, видео)

Буюк санъаткорлар сулоласидан чиққан, бир ёшидаёқ филмда рол ўйнаган, ёш-у қари мухлисларига эга Райҳон Ғаниева 16-сентябр куни 48 ёшга кирди. Самимийлиги билан ҳамкасбларидан ажралиб турадиган, икки марта турмуш қурган ва қиз фарзандли бўлишни орзу қиладиган санъаткорнинг туғилган куни муносабати билан унинг ҳаёти ва ижодига назар ташлаймиз.

**Райҳон 6 ёшида отадан етим қолган**

Хонанданинг катта бобоси Наби Ғаниев ўз даврининг машҳур актёр ва режиссёри бўлган. У ўзбек кино санъатининг нодир дурдоналари саналган “Насриддин Бухорода” (1943), “Тоҳир ва Зуҳра” (1945), “Насриддиннинг саргузаштлари” (1946) ва “Фарғона қизи” (1948) каби филмларни суратга олган. Унинг тўрт фарзанди бўлиб, уларнинг ҳеч бири санъаткор бўлишни истамаган. Фақат ўғли Ҳотамнинг фарзанди Отабек Ғаниев бобосининг касбини давом эттирган.

Отабек Ғаниев 1977-йили актриса Тамара Шакирова билан оила қуради. Икки ижодкорнинг муҳаббатидан қўнғироқ сочли қизалоқ Райҳон дунёга келади. Дастлаб ҳаммаси яхши эди. Отабек Ғаниев энг яхши ролларни ижро этаётган пайтда бахциз ҳодисага учраб, вафот этади. Ўшанда Райҳон Ғаниева 6 ёшли қизалоқ эди. Оила бошининг эрта вафоти яқинларига осон кечмагани аниқ.

**“Болалигим қувончли ўтмаган”**

Тамара Шокирова бутун эътиборини ижодга қаратади, нафақат ўзбек, балки озарбайжон ва ҳинд киноижодкорлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. 1993-йилгача ўндан ортиқ филмларда суратга тушиб, кейин иккинчи бор турмуш қуради. Бу никоҳидан яна бир қиз фарзанд кўради ва унга Насиба деб исм қўяди.

— Биласизми, кўпчилик болалик энг бахтли давр дейди. Аммо мен ўзимнинг болалигим ҳақида бундай дея олмайман. Чунки болалигим бахтли ва қувончли бўлмаган. Шунинг учун ҳам у кунларни эслашни истамайман. Ота-онам ўз даврининг жуда банд актёрлари эди, улар доим суратга олиш майдончаларида, сафарларда бўлишарди. Онам мени қанчалик яхши кўрмасин, тирикчилик ва иш сабаб мени ётиб қоладиган режимдаги боғчага беришга мажбур бўлган. Тасаввур қилинг, ҳатто кечалари ҳам боғчада қолиб кетардим. Кейинчалик мактаб даврим ҳам худди шундай ўтди. В. Успенский ва Глиер номидаги мусиқа мактабларининг қатъий тартиб-интизоми мени оддий болалик қувончларидан айирган. Мен кўчада болалар билан чопиб юрмаганман, доим пианино қаршисида ўтириб, машқ қилишим шарт эди. Бугунги иродам, ҳар қандай қийинчиликка чидашим айнан ўша ёлғизликда ўтган болалигим маҳсулидир.

Лекин 12 ёшимда ойим менга кучукча совға қилгани бугунгача ёдимда. Узоқ вақт орзу қилган нарсамга эга бўлганимдан роса хурсанд бўлгандим, дейди хонанда интервюларининг бирида.

**“Онам санъаткор бўлишимни истамаганди”**

Хонанда бир ёшидаёқ филмда суратга тушган. У 1980-йили “Ўзбекфилм” киностудияси томонидан суратга олинган “Ленинградлик болаларим” филмида Ҳадичанинг фарзанди ролини ижро этган. Ҳадича ролини эса онаси Тамара Шокирова ўйнаган. Райҳон санъаткорлар оиласида туғилган бўлса-да, онаси унинг бу касбни эгаллашига жиддий қаршилик кўрсатади.

— Мен азалдан балерина бўлишни телбаларча орзу қилганман. Уйда шиппак ўрнига пуанталарда юрардим, ҳатто уларни ечмасдан ухлашга тайёр эдим. Аммо онам санъат оламидаги қийинчиликларни билгани учун мени бошқа йўлга йўналтиришни хоҳлаган. У мени алдаб “Балерина бўлиш учун аввал пианино чалишни мукаммал ўрганишинг керак, усиз ўқишга қабул қилишмайди”, деган. Шундай қилиб, 11 йилим мусиқа мактабида ўтди. Мактабни битириш арафасида нуфузли танловда ғолиб чиқдим ва афсонавий дирижёр Ҳақназаров билан симфоник оркестр ҳамроҳлигида чиқиш қилиш имконига эга бўлдим. Аммо ўшанда саҳна ортидаги ғирромликларни, инсонларнинг бир-бирига бўлган ҳасадини ва интригаларни кўриб, қаттиқ кўнглим қолди. “Мусиқа олами шундай бўлса, мен бу ерда қолмайман”, деб, уйимга яқин жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирдим.

**“Инглиз тили филологиясини битириб, филмда суратга тушганман”**

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси факултетини тамомлаган Райҳон Ғаниева 1999-йили профессионал ижодга қадам қўяди. У илк бор 2000-йили суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали филмидаги қўшиғи билан одамлар тилига тушади. Ўша даврларда хонандалар бугунгидек кўп бўлмаган. Шу сабаб ҳам Райҳоннинг қўшиқлари замонавий ёшлар орасида тез оммалашган.

— Менинг энг катта муаммойим пулим йўқлиги эди. Албатта онам ҳам санъатни танлашимга қарши бўлган. Сўнг мусиқага чин дилдан кўнгил қўйганимни тушунган онам мени қўллаб-қувватлай бошлади. Шоу-бизнес соҳаси ўзига яраша қинғир ишларга тўла, дейишади. Аммо мен ҳаётимда ҳеч қачон бундай ҳолатни учратмаганман. Фақат молиявий муаммолар мени қийнаган.

“Тоҳир ва Зуҳра” филми ҳаётимда бурилиш ясаган лойиҳа эди. Аслида филмда бошқа таркиб — ўша даврнинг энг машҳур юлдузлари иштирок этиши керак эди. Аммо тасодифни қарангки, бир хонанда суратга олишга бир кун қолганда рад жавобини берган. Менга кечаси қўнғироқ қилиб: “Эртага тонгда соат 6 да учиб кетишимиз керак, кела оласанми?” дейишди. Мен ўша заҳоти, мени ҳаттоки нима кутаётганини билмай розилик бердим. “Азоблайсан” қўшиғи ўшанда ҳитга айланди ва мен ўзим кутмаган даражада машҳур бўлиб кетдим. Пулим йўқ бўлса ҳам, иштиёқим ва Аллоҳ берган омадим бор эди, дейди Райҳон.

Хонанда 2002-йилда илк яккахон консерт дастурини тақдим этишга муваффақ бўлган. Омад келса, бирваракайига келади, деганларидек, Райҳон 2002-йилда “Ниҳол” мукофоти совриндорига айланди. “Санъатга бўлган қизиқишим, хоҳишим барча қийинчиликларни енгиб ўтишимга куч берган”, дейди у.

**“Райҳон оққонми ёки саратон?”**

Аммо одамлар орасида “Райҳон Ғаниева оққон, саратон экан. Шу боис унга кетма-кет мукофот топширишяпти”, деган гап-сўзлар ҳам тарқалади. Аммо хонанда бу каби миш-мишларга эътибор бермай, ижод қилади. Кейинчалик хонанданинг буйрак етишмовчилиги билан оғригани ва оғир операцияни бошдан кечиргани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалганди. Аммо хонанда ҳеч бир интервюсида бу ҳақда гапирмасди. 2020-йили эса берган интервюсида журналистнинг оғир операцияни бошдан кечиргани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди.

Фото: Инстаграм

— Ҳаёт ва ўлим орасида бўлганман, бу ҳақида гапириш жуда оғир, дея умумий жавоб берган хонанда.

Журналистнинг “Россиядаги машҳур жарроҳ хонасидаги деворда суратингиз илиниб турар экан” деган саволидан эса ҳайратланади.

Райҳон Ғаниева ижодининг энг гуллаган даврлари 2005—2010-йилларга тўғри келади. Ўша йилларда яратилган қўшиқлар эса ҳануз мухлислар тилидан тушмаяпти. “Ёдингдами?”, “Кечир”, “Орзунгга ишон”, “Доимо”, “Бака-бака банг” каби қўшиқлари тингловчилар орасида оғиздан оғизга ўтиб келмоқда.

**“ъКечиръ сўнггиси бўлди”**

Райҳон Ғаниева ижоди давомида ўзини актрисаликда ҳам синаб кўрди. У иштирок этган “Кечир” филмини томошабинлар илиқ кутиб олган. У мазкур филмнинг ссенарийсини ўзи ёзган ва картинада шоу-бизнес оламидаги иллатларни очиб беришга ҳаракат қилган.

Бош қаҳрамон Самира (Райҳон) жуда машҳур ва муваффақиятли эстрада хонандаси бўлса-да, шахсий ҳаётда ўзини ёлғиз ҳис қилади. Кунлардан бир куни у оддий, аммо истеъдодли фотограф Саидни учратиб қолади. Улар ўртасида соф муҳаббат пайдо бўлади, бироқ ҳаёт синовлари ва ижтимоий табақаланиш уларнинг муносабатларига тўсқинлик қилади.

**“Ажрашиб, бир неча йил депрессияга тушиб қолдим”**

Райҳон биринчи турмуш ўртоғи, актёр Йигитали Мамажонов билан муносабатлари қандай бошланганини ҳамда ажримдан сўнг психолог сеансларига қатнаганини сўзлаб берди.

Фото: Sayyod.com

— Бу барчага маълум бўлса керак. Ҳаммаси клип суратга олиш жараёнидан бошланган. Турмуш қуриш таклифи ҳам телефонда келганида, орадаги ёш фарқи сабаб бироз ажабланганмиз. Тақдир экан, турмуш қурдик. Эрим учун ўз вақтида овқатини тайёрладим, кийимларини дазмолладим, кирини ювдим. Уйимни саришта ва шинам тутдим. Кўп аёллар каби эримдан қанча пул топаётганини сўрамадим... Аммо никоҳ ажрим билан якунланди.

Фото: Инстаграм

Ҳар бир никоҳ аршда содир бўлишига ва тақдирга ишонаман. Ажрим эса мен учун катта зарба эди. Ҳар бир аёл каби менда ҳам тушкунлик, “фарзандларим отасиз қандай яшайди?” деган қўрқувлар бор эди. Бир неча йил оғир депрессияда юрдим. Менга синглим Насиба, дўстим Якзон, шунингдек, профессионал психолог билан ўтказилган сеанслар ёрдам берди. Шундан кейингина мен ўзимни англадим ва ҳаётга бошқача қарай бошладим. Ҳозир ҳар биримиз ўз оиламизга эгамиз. Мен эса икки нафар ўғлим борлигидан бахтлиман, дейди хонанда.

**“Бировнинг оиласини бузмайман”**

Райҳон Ғаниева фарзандли бўлишни узоқ вақт орзиқиб кутган. 2014-йили бир эмас, иккита ўғил фарзандни дунёга келтирган.

Фото: Инстаграм

— Мен бировнинг оиласини бузмайман ва оилалар мустаҳкам бўлиши тарафдориман. Ҳамма инсон бахтли бўлишга ҳақли, деганди Райҳон Ғаниева интервюларининг бирида.

**“Фарҳодга бир дугонам ошиқ эди”**

— Биз Фарҳод билан бир-биримизни талабаликдан бери таниймиз. Қизиғи, институтда бир дугонам унга жуда ошиқ эди. Биз дугонамиз хурсанд бўлиши учун кафеда ўтириб, Фарҳоднинг деразадан ўтиб кетишини пойлар эдик(кулиб). Йиллар ўтиб тақдир бизни боғлади. У менга турмуш қуриш таклифини берганда жуда уялдим, ҳатто ўша дугонамдан хафа бўлмайдими?, деб рухсат сўрадим. Турмуш қуришимга эса Рашид Холиқов туртки бўлган. У киши мени тушликка чақириб “Райҳон, Фарҳод жуда яхши йигит, мен ўзим кафилман. Сенга турмуш ўртоқ ва болаларингга ота керак, қўрқма”, деб насиҳат қилган эди. Мен у кишини қаттиқ ҳурмат қилардим ва айтганларини қилдим. Мана, 10 йилдирки бахтли яшаяпмиз, дейди у.

Фото: Инстаграм

Фарҳод Алимов билан қурилган оила узоққа бормайди, деб ҳисоблаганлар ҳам бўлган. Аммо Райҳон отани болаларидан ажратмайдиган инсон эканини исботлай олди. У турмуш ўртоғининг фарзандларини оилавий сафарларга олиб боради. Суратларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлашни ҳам канда қилмайди.

**“ДЖ Пилигрим мени милицияга берган”**

Райҳон ҳамкасби ДЖ Пилигрим билан бўлган можаро ҳақида ҳам сўзлаб берган.

— Илҳом (ДЖ Пилигрим) билан институтда бирга ўқиганмиз, у ўша пайтдаёқ машҳур эди. У билан содир бўлган можаро эса ҳаётимдаги энг тушунарсиз вазиятлардан бири бўлган. Биз ажойиб дует ёзгандик, ҳаммаси жойида эди. Тўсатдан у барча ишни тўхтатди, мен унга гаплашиб олишни, барчасига ойдинлик киритишни таклиф қилдим, аммо у менга қўнғироқ қилиб, даҳшатли айбловлар ёғдира бошлади ва ҳатто ўғри деб ҳам атади.

Кейин эса мени милицияга берганини эшитдим. У мени “шахсиятини ҳақорат қилиш”да айблаган экан. Мен шокка тушганман, чунки ҳаётимда биринчи марта орган ходимларига тушунтириш беришимга тўғри келган. Охири ҳамма интервюларимни текшириб, ҳақорат сўзлари йўқлигини айтиб, ишни ёпишди. Ўшанда жудаям қаттиқ ранжиганман, лекин ҳозир бари ўтиб кетди. Мен гина сақламайман. Менимча, Илҳом кайфияти жуда ўзгарувчан инсон. Балки яна дует ҳам ёзармиз (кулиб), дейди Райҳон.

**“Қиз фарзанд кўришни хоҳлайман”**

Райҳон ўзбек шоу-бизнесидаги энг тартибли хонандалардан бири. У кунини тўғри тақсимлашни ва ортиқча инсонларга вақт сарфлашни ёмон кўради.

— Энг севимли машғулотим фарзандларим билан бирга бўлиш. Мен болаларим билан бирга бўлсам дам оламан. Турмуш ўртоғимга чақалоқ хоҳлашим ҳақида гапирганимда, биз фарзанд кўриш ёшидан ўтганимизни айтдилар, дейди хонанда.

— Бошқа фарзанд кўришни режалаштирмаяпмиз. Менда уч нафар, Райҳонда эса иккита — умумий беш фарзандимиз бор. Мен фарзанд тарбиялашни жуда мураккаб ва қийин жараён деб биламан. Шу беш фарзандимизни катта қилиб олсак ҳам катта гап. Умуман олганда фарзандларимиз бир-бири билан аҳил ва иноқ, дейди Райҳоннинг турмуш ўртоғи Фарҳод Алимов.

**“Қизимни ертўлада сақлар эмишман”**

Райҳон Ғаниева ўзи ҳақидаги энг кулгили ва даҳшатли миш-мишларни санаб ўтди.

— Миш-мишларнинг саноғи йўқ. Энг ҳайратланарлиси менинг ҳаммадан яширган қизим борлиги ва мен уни ертўлада сақлашим ҳақидаги уйдирма бўлса керак. Буни ким ўйлаб топганига ҳайронман. Балки, ўша пайтда қўшнимиз Рашид аканинг қизчаси менга жуда боғланиб қолгани ва ишга бирга қатнаганимиз учун шундай ўйлашгандир. Яна турмуш ўртоғим билан “шартнома асосида” яшаганимиз, болаларимиз ҳам “контракт” бўйича дунёга келгани ҳақидаги гаплар... Буларнинг ҳаммаси сафсата. Менинг шахсий ҳаётим фақат ўзимнинг Инстаграм саҳифамда, қолган ҳамма нарса ёлғон.

**Райҳоннинг шоу-бизнесда дугонаси йўқми?**

— Шоу-бизнесда дугонам бор. У таниқли хонанда Сагдиана. Ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг ҳаммаси билан яхши муносабатдаман, лекин яқин эмасман. Фақат икки ҳамкасбим билан гаплашмайман, холос. Танишларим кечки овқатларга таклиф қилишади, лекин бормайман. Бўш вақтимни фарзандларим билан ўтказишни хоҳлайман, дейди Райҳон.

**Райҳоннинг даври ўтдими?**

Хонанданинг “Райҳоннинг даври ўтди” деган гап-сўзларга муносабати қандай?

— Танқидларни жуда оғир қабул қиламан. Юзта мақтов турса ҳам, битта ёмон гапни ўқиб тушкунликка тушаман. Бир марта ҳатто бир нашр “Райҳоннинг чипталари сотилмаяпти, у энди қулаган учувчига ўхшаб қолган”, деб ёзганида, улардан хафа бўлиб обунани бекор қилганман. Лекин орадан бир ой ўтиб, 2024-йилги консертимда барча билетлар сотилди. Мана бу менинг саҳнадаги жавобим эди! Мен ҳамон саҳнадаман, ҳамон мухлисларим ардоғидаман.

**Сўнгги консертини тақдим этганди, аммо...**

Хонанда 2023-йилда ижодидаги сўнгги консертини тақдим этишини маълум қилганди. Энди консерт бермасликни ва бор эътиборини фарзандларига қаратиш ниятида эканини айтган хонанда мухлисларининг талаби билан 2026-йилда яна консерт беришини маълум қилиб, уни ҳам катта шоу тарзида ўтказди.

Райҳон Ғаниева тўй-тантаналарнинг энг талабгир хонандаларидан бири. Хонанданинг пойтахт тўйларидаги биррови 1000 доллар қилиб белгиланган.

Айни пайтда бадавлат ўзбек хонандасининг ҳаёти ана шундай ранг-барангликларга бой. Қисқаси, у ҳам юлдуз бўлиб туғилмаган ва бугунги кунларга осонликча етиб келмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.